2022 йил 12 апрель куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга риоя этиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлашда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг салоҳиятини ошириш” мавзусида семинар-тренинг ўз ишини бошлади.
Икки кунлик тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик тузилмаси томонидан ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тренинг иштирокчиларини қутлар экан, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йил 7 июнда ратификация қилинганини қайд этди. Конвенциянинг асосий мақсади ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тенглик асосида тўлиқ амалга оширилишини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборатлиги алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан жамоатчилик мониторингини ўтказиш, халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича миллий ва муқобил маърузалар тайёрлаш жараёнларида фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этмоқда.
Бу омил, айниқса, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини нафақат ратификация қилиш, айни чоғда, унинг ижросини таъминлаш жараёнларига ҳам давлат тузилмалари билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлар кенг жалб этилгани мисолида яққол намоён бўлмоқда.
Юртимизда ногиронлик соҳасида 600 га яқин нодавлат нотижорат ташкилот фаолият юритмоқда. Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар жамоат фонди, Ўзбекистон Ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Ўзбекистондаги фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш “Умр” жамоатчилик маркази, “Инклюзив ҳаёт” ногиронлар жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти шулар жумласига киради.
Мазкур нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишда фаол иштирок этди.
Конвенция ратификация қилингандан сўнг унинг ижро этилиши соҳасида бир қанча ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрда тасдиқланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:
- болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилди;
- Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш максадида субсидия ажратиб бориш тизими жорий этилди. Бунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2022 йилдан бошлаб ҳар йили танлов асосида 20 нафаргача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшларнинг етакчи хорижий олий таълим муассасаларида, шу жумладан онлайн курсларда таълим олиши белгиланди.
Бундан ташқари, Конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган Миллий ҳаракатлар режаси халқаро экспертлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан берилган таклифлар асосида такомиллаштирилди. Миллий ҳаракатлар режасини Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясига киритиш режалаштирилган.
Маълумки, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида иштирок этувчи давлатлар Конвенцияни ратификация қилганидан сўнг дастлаб 2 йил ичида, кейинчалик ҳар 4 йилда бир марта миллий маъруза тақдим этиб бориши зарур.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг даслабки миллий маърузасини 2023 йил июль ойида топшириш мўлжалланган. Шу билан бирга, БМТнинг тегишли қўмиталари фуқаролик жамияти вакиллари томонидан тақдим этиладиган муқобил маърузаларни олқишлайди.
Бу, ўз навбатида, давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакилларини янада фаол бўлишга чорлайди. Шу муносабат билан жорий семинар-тренингда Ўзбекистоннинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга риоя этиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг салоҳиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тренинг давомида “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция – ҳуқуқ стандартлари ва унсурлари”, “БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг миллий маърузаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолияти таҳлили”, “Муқобил маърузаларни тайёрлашга доир талаблар” каби мавзулар муҳокама қилинади.
Машғулотларга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси миллий дастурлари мувофиқлаштирувчилари Эркин Исақулов ва Юлия Воцлава тренерлик қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Барқарор ривожланиш маркази Телеграм канали
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»
- Қўшилди: 12.04.2022
- Кўришлар: 4954
- Чоп этиш