БМТнинг Тараққиётни мувофиқлаштириш масалалари бўйича бюросида учрашув

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси А.Саидов БМТнинг Тараққиётни мувофиқлаштириш масалалари бўйича бюроси директори ўринбосари Р. Калапуракал билан учрашди.

 

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда бугунги кунда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

 

Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасида аҳолининг барча тоифалари ва фуқаролик жамияти вакилларининг фаол иштироки таъминлангани, шунингдек, мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан Бош Қомусга қўшимчалар киритиш бўйича режалаштирилган референдум борасида гапириб берилди.

 

Р.Калапуракал Ўзбекистон томонини мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбати муваффақиятли ўтгани билан табриклади. У мазкур тадбир БМТ, унинг ихтисослашган идоралари, шунингдек, аъзо давлатларни Ўзбекистоннинг Асосий қонунини такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари билан кенгроқ таништиришга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади.

 

Давра суҳбатида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва баҳолар, Р.Калапуракалнинг таъкидлашича, мамлакатимизнинг янада равнақ топиши, халқаро нуфузини оширишга қаратилган.

 

БМТ вакили Ўзбекистон ва глобал ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни томонларни қизиқтирган соҳаларда мустаҳкамлашда бундан кейин ҳам қўиаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech