ЎЗБЕКИСТОНДАГИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР ҲАР БИР ИНСОН ҚАДРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН

Жорий йил 3 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли форумда БМТга аъзо давлатларнинг Осиё, Европа, Америка ва Африка қитъаларига мансуб 40 дан ортиқ миссияси вакиллари ҳамда экспертлари, шунингдек, БМТ таркибидаги турли тузилмалар ходимлари – жами 55 нафар иштирокчи қатнашди.

Халқаро давра суҳбатини Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили – Элчи Б. Иброҳимов олиб борди.

 

Акмал САИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Конституциявий комиссия раиси:

– Аввало, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг устувор йўналишлари ҳақида қисқача тўхталаман.

Шу йил 1 августгача умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, конституциявий ўзгартишлар сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик жамияти институтларининг мақомини ва экологик муҳофаза каби масалаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқ. Шу билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жумладан, парламент ваколатларини кенгайтириш, Президентлик институтини такомиллаштириш, жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимияти органларини ажратишнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам ўз ичига олган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар дунё жамоатчилиги ва хориждаги ватандошларимизнинг эътиборида бўлиб тургани бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон Конституциясига юртимизда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, кўпмиллатли халқимизнинг бой маданиятини асраб-авайлаш ва юксалтириш, ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳам ўзгартишлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаларида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, умуман ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди. Умумхалқ муҳокамаси доирасида 150 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди.

Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз Бош Қомусига киритилаётган ўзгартишларнинг умумхалқ муҳокамасида аҳолининг барча қатламлари ва фуқаролик жамияти фаол иштирок этганининг ўзига хос тасдиғидир. Шу ўринда ёшларнинг ўзига хос ташаббускорлиги ва ҳуқуқий ижодкорлигини алоҳида таъкидламоқчиман.

Умумхалқ муҳокамаси асносида келиб тушган юз минглаб таклифлар – Асосий қонунимизни том маънодаги халқ Конституциясига айлантириш учун кенг ва қулай имкониятдир. Шунинг учун айни вақтда Конституциявий комиссияда ҳар бир таклиф ва экспертиза хулосалари экспертлар, мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, шу асосда Конституциявий қонун лойиҳаси маромига етказиляпти.

Шундан сўнг Конституциявий қонун лойиҳаси қуйи палата қўмиталарининг қўшма йиғилиши, сиёсий партиялар фракцияларида муҳокамалардан ўтказилади ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибига олиб чиқилади. Қонун лойиҳасининг матни тайёр бўлиши билан депутатлар муҳокамасига киритилади ва халқ вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда Конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилади.

Яъни, Конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳасини дастлаб умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш, шундан кейин референдумга қўйиш тимсолида Ўзбекистон тарихида илк бор ноёб конституциявий ислоҳот тажрибаси қўлланмоқда. Бу ҳам мамлакатимизда конституциявий ислоҳот доирасидаги демократик қонун ижодкорлиги жараёнлари изчил ва мантиқий негизда бораётганидан далолатдир.

Яшар АЛИЕВ, Озарбайжоннинг БМТ ҳузуридаги Элчиси – Ваколатли вакили:

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти, мақсади ва устувор йўналишлари ҳақида тақдим этилган батафсил ҳамда қамровдор маълумотлар учун миннатдорчилик билдираман.

Конституциявий комиссиянинг бу борада конституциявий қонун ижодкорлиги соҳасидаги илғор халқаро тажрибани чуқур ўрганган ҳолда иш олиб бораётганини юқори баҳолайман. Озарбайжоннинг ҳам ижобий конституциявий ислоҳотчилик тажрибасига эътибор қаратилганидан мамнун бўлдим.

Конституциявий ислоҳот кенг қамровли жараён бўлиб, аҳолининг барча қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари, давлат ва хусусий секторнинг турли тузилмаларини жалб қилишни тақозо этади. Ишончим комилки, бўлажак референдумда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот халқингиз томонидан тўла қўллаб-қувватланади.

Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда жамиятни янада демократлаштириш ва мамлакат иқтисодиётини тараққий эттириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараларидан Ўзбекистон халқи муносиб баҳра олмоқда. Буни минтақа ва бутун дунё жамоатчилиги кўриб-билиб, эътироф этиб турибди.

Шу ўринда Ўзбекистон билан Озарбайжоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик муносабатлари юксак суръатларда ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Буни жорий йил июнь ойида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатингизга олий даражадаги ташрифи муваффақиятли ташкил этилгани ҳам  яққол тасдиқлайди.

 

Петер Мохан Маитхири ПИЕРИС, Шри-Ланканинг БМТ ҳузуридаги Элчиси – Ваколатли вакили:

– Ўзбекистонда Асосий қонунни инклюзивлик, транспарентлик ва кўпчиликнинг розилигини олиш принциплари негизида янгилашга киришилгани мардона ва жасоратли қадамдир. Янгиланаётган Конституцияда мамлакатингиз халқи хоҳиш-иродаси ўз ифодасини топишига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз таҳсинга сазовор.

Фикримча, жорий этиладиган ўзгаришлар давлат билан халқ ўртасидаги ўзаро муносабатларни янги поғонага кўтаради ва ҳар икки томонни бир-бирига яқинлаштиради.

Конституциянгизга киритиш тавсия этилаётган янгиланишлар билан танишар эканман, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини ёруғ ва хавфсиз келажак кутаётганига комил ишонч ҳосил қилдим.

 

Бостян МАЛОВР, Словениянинг БМТ ҳузуридаги Элчиси – Ваколатли вакили:

– Мен Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни мунтазам кузатиб бораяпман. Айниқса, мамлакатингизнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги самарали фаолияти алоҳида диққат-эътиборимда турибди.

Мамлакатингизда Конституцияни янгилаш бўйича қилинган улкан ҳажмдаги ишлар эътирофга лойиқдир. Асосий қонунингизга киритиш таклиф этилаётган ўзгаришлар ҳаётнинг барча соҳаларига, шу жумладан, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларининг асосий йўналишларига ҳам тааллуқлилигини тўла қўллаб-қувватлайман.

 

 

Ончу КЕЧЕЛИ, Туркиянинг БМТ ҳузуридаги Доимий вакили ўринбосари:

– БМТ қароргоҳида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бағишланган ушбу халқаро давра суҳбати ўтказилишини қутлайман.

БМТ мажлислари кун тартибига Марказий Осиё билан боғлиқ масалалар кўп ҳам киритилавермайди. Нега деганда, ушбу минтақада мураккаб муаммолар мавжуд эмас ва шунинг учун у Хавфсизлик кенгашининг рўйхатида ҳам йўқ.

Марказий Осиё минтақаси мамлакатларидаги ҳолат асосан ижобий талқин этилаётганига эътиборни қаратмоқчиман. Хусусан, яқинда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюцияси қабул қилингани муҳим воқеа бўлди.

Туркия Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлашда давом этади. Мамлакатдаги янгиланиш жараёнларидан дунё ҳамжамиятини хабардор қилишда  шаффофлик ва очиқлик йўлидан бораётгани учун Ўзбекистон томонидан миннатдормиз.

 

Давит КНЯЗЯН, Арманистоннинг БМТ ҳузуридаги Доимий вакили ўринбосари:

– Мамлакатингизда конституциявий ислоҳот жараёнлари инклюзивлик, транспарентлик ва очиқликнинг юқори даражаларида ташкил этилгани эътиборга лойиқ. Бу омил, ўз навбатида, жамиятнинг барча қатламлари, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар ўз фикрларини ошкора билдиришлари учун кенг шароит яратилгани мисолида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Конституциявий қонун лойиҳасида инсоннинг экология билан боғлиқ ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор. Айниқса, Орол денгизининг қуриши оқибатлари мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари ва ундан ташқарида ҳам атроф муҳит билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган ҳозирги шароитда бу каби қадамлар  жуда долзарбдир.

Ҳозирги кунда жойлардаги атроф муҳитга тааллуқли ҳаётий воқеликлар ва табиатни муҳофаза қилишга оид принциплар янгиланган Конституцияда ўз аксини топиши учун астойдил саъй-ҳаракат қилинмоқда. Конституциявий ислоҳот, жумладан, халқингизнинг бу борадаги талаб-эҳтиёжларини ва барқарор тараққиёт соҳасидаги миллий устувор мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилгани яққол кўриниб турибди.

 

Маркус КОЛЛ, Германиянинг БМТ ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси:

– Ўзбекистоннинг ўз Конституциясини янгилаш борасида қўллаётган ёндашуви ислоҳотларнинг инклюзивлиги ва қамровдорлигини таъминлаш ҳамда давлат олдида турган ўткир масалаларни самарали ҳал этишнинг ибратли намунасидир.

Конституциявий ислоҳот бошиданоқ мамлакатингизда “Конституциянинг ягона манбаи ва яратувчиси – халқдир” деган оқилона тамойилга таяниб иш тутилаётгани менга мақбул ва манзур бўлди.

Биз Ўзбекистонда халқ манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларга Германия халқаро ҳамкорлик бўйича жамияти ёрдам бераётганидан фахрланамиз.

Ҳозирги вақтда Тошкентда бўлиб турган Германия делегацияси ҳам айни шу йўналишдаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларимизни мустаҳкамлаш юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Умид қиламанки, Европа Иттифоқининг янгиланган стратегияси доирасидаги ҳамкорлик муносабатларимиз ҳам келгусида янада чуқурлашади.  

 

Холиса МАБОНГО, Жанубий Африканинг БМТ ҳузуридаги Доимий вакили ўринбосари:

– Конституцияни ислоҳ қилиш ҳар бир давлат учун тарихий воқеа ҳисобланади. Чунки бунинг натижасида жамият манфаатларига хизмат қиладиган янги қадриятлар ва принциплар жорий этилиши ҳисобига бутун мамлакатнинг тубдан янгиланиши юз беради.

Ўзбекистоннинг конституциявий ислоҳотлар борасида ривожланган демократик давлатлар орттирган илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзлаштиришга қаратилган азму қарорини қўллаб-қувватлайман.

Худди шу йўл тўғри ва айнан керакли йўл эканини Жанубий Африка тажрибаси яққол тасдиқлайди. Биз ҳам мамлакатимизнинг Асосий қонунини янгилашда Германия, Буюк Британия каби етакчи давлатларнинг конституциявий ижодкорлик бобидаги энг мақбул амалиётларига таянганмиз.

Мамлакатингиздаги конституциявий ислоҳот жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кафолатлаш каби йўналишларда Асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинаётгани эътиборга сазовор. Айниқса, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари  кенг доирада мустаҳкамлаб қўйилаётганини юқори баҳолайман.

 

Марк СЕАХ, Сингапурнинг БМТ ҳузуридаги Доимий вакили ўринбосари:

– Ўзбекистоннинг конституциявий ислоҳотни амалга оширишда халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иш тутаётгани ниҳоятда ижобий ёндашувдир.

Ҳақиқатан ҳам, ер юзида барча мамлакатлар учун ягона бўлган Конституция модели мавжуд эмас. Ҳар қайси давлат инсонларнинг ҳаётини яхшилаш, халқнинг фаровонлигини ошириш ҳамда барқарор тараққиётнинг миллий ва глобал мақсадларини рўёбга чиқаришнинг ўзига хос ноёб йўлини кашф этади.

 

 

Шиничи МИЦУТА, БМТ ҳузуридаги Япония Миссиясининг эксперти:

– Албатта, конституциявий ислоҳотни кенг жамоатчилик иштирокида амалга ошириш энг мақбул ва тўғри йўлдир.

Японияда қонун устуворлиги ва конституциявий тартибни таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилади. Шу маънода, Япония томонидан Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга ҳуқуқшунослар ва адлия органлари ходимларини тайёрлашда кўмаклашилаётгани бежиз эмас.

Биз БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга оширишни тезлаштиришда минтақангиздаги давлатларга бундан кейин ҳам ёрдам беришда давом этамиз.

Халқаро давра суҳбати якунида ҳар қайси давлатнинг ҳаётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган воқеалардан жаҳон ҳамжамияти худди шу тарзда хабардор қилиб борилиши ниҳоятда муҳим экани таъкидланди. Иштирокчиларнинг фикрича, бу тараққиётнинг миллий устувор соҳаларини белгилаб олиш ва уларнинг БМТ тамойилларига мутаносиблигини аниқлаш имконини беради.

Шу нуқтаи назардан, нуфузли халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг янгиланадиган Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Барқарор тараққиёт мақсадларига уйғун ва ҳамоҳанг эканини эътироф этдилар.

Тадбирда мамлакатимиз делегацияси аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудири Ж.Абдуллаев, Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи М.Мадраҳимов, Парламент ахборот маркази раҳбари ўринбосари Р.Умаров қатнашди.

 

Ғулом МИРЗО тайёрлади

 Тошкент –Нью-Йорк – Тошкент

«Дунё» АА

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech