Федерико ВИЛЬЕГАС: “Инсон ҳуқуқари соҳасидаги таълим бўйича саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистонга раҳмат айтаман”

– Маълумки, БМТнинг мен бошқараётган Кенгаши 47 та аъзо давлатдан иборат бўлиб, бутун дунёда барча инсон ҳуқуқлари рағбатлантирилиши ва ҳимоя қилиниши учун БМТнинг асосий масъул органи ҳисобланади,  – деди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси, элчи Федерико Вильегас. – Кенгашимиз БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли мандатига эга.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш 2006 йилда тузилган даврдаёқ  халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ушбу орган шуғулланадиган устувор соҳалардан бирига айланишини чуқур англаган. Шу маънода, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга оид айрим фикрларимни баён этмоқчиман.

         Гап шундаки, бугунги кунда жаҳон аҳли тинчликка, дунёнинг бугунги манзарасига бемисл таъсир кўрсатадиган учта воқеликни бошидан кечирмоқда. Булар – пандемия инқирози, иқлим ўзгариши ва Европанинг қоқ юрагида кечаётган ҳамда глобал оқибатларга эга урушдир.

Бу воқеаларнинг барчаси инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри дахл қилади. Шундай экан, ушбу воқеаларга инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ёндашиш  – бундай кулфатларни енгиб ўтиш ва келгусида яна такрорланиши олдини олишнинг энг мақбул йўлидир.

Бундай инқирозларнинг олдини олиш учун инсон ҳуқуқлари соҳасига оид етук нормалар ва институтларга эга бўлишимиз талаб этилади.

Бинобарин, ранг-баранглик қадриятларининг аҳамиятини эътироф этиш, жамиятни фаровон қилиш ва низоларга барҳам бериш учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимдан мақбулроқ таъсирчан восита борми?

Аҳолининг ўта заиф  қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётга эришишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим янги яхши имконият эмасми?

Низолар ва можаролар бўлиб ўтганидан кейин жамиятнинг ижтимоий аҳволини тиклашда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимдан шифобахшроқ малҳамни топиб бўладими?

Шу маънода, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатидаги фаолияти ўз муносиб самараларини бераётганини амалда кўриб турибмиз. Айниқса, Самарқанд Глобал форуми мисолида инсон ҳуқуқари соҳасидаги таълимга оид ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистонга алоҳида раҳмат айтаман.

 

Ғулом МИРЗО ёзиб олди

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech