Исломда инсон ҳуқуқлари: тарих ва бугун

Бугун Ўзбекистон  Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда “Исломда инсон ҳуқуқлари: тарих ва ҳозирги давр” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференция ўзбек миллий давлатчилик тарихининг ажралмас қисми бўлган ислом ҳуқуқида инсон ҳуқуқлари мустаҳкамланиши ва таъминланиши, юртимиздан етишиб чиққан ислом ҳуқуқшунослари асарларида инсон ҳуқуқларининг ёритилиши, замонавий мусулмон мамлакатлари қонунларида ҳамда ислом ташкилотлари томонидан қабул қилинган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши масаласига бағишланди.

Конференцияда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, ҳуқуқшунослик олий ўқув юртлари вакиллари иштирок этди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик, юридик фанлар доктори, профессор А.Х.Саидов йиғилишни очиб бераркан, ислом ҳуқуқшунослигининг аҳамияти, буюк маънавий меросимизни кенг оммага тарғиб қилиш бугунги куннинг муҳим масалалардан бири бўлиб турганига алоҳида тўхталиб ўтди. 

Анжуманда мусулмон мамлакатларида инсон ва фуқаролар шахсий ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий кафолатлари, инсон ҳуқуқларини таъминлашда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўзаро алоқалар, Ислом ҳуқуқида таълим, Исломда диний бағрикенглик ва бошқа динга эътиқод қилувчилар ҳуқуқларининг ҳимояси, Исломда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи каби масалалар кенг таҳлил қилинди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби конференциялар миллий давлатчилигимиз тарихини чуқур ўрганиш, уни ёш авлодга  етказиш, бу соҳада илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, қолаверса, мусулмон мамлакатларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш механизмлари билан танишиш борасида алоҳида  аҳамиятига эга. 

                                                                                               ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

ҚМПТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech