Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 7 августда “Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Бундан кўзланган мақсад болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда қулайликлар яратишдир.
Қарорга мувофиқ, мактабларга қўшимча квота бўйича қабул мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб, тегишли микроҳудуд бўйича асосий квотага тушмаган болалар учун амалга оширилади.
Илгари қўшимча квота – мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган, шунингдек, мактабларда таълим бериш тили бўйича бошланғич билим ва мулоқот қилиш кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилар эди.
Болаларни мактабларга қўшимча квота асосида қабул қилиш жараёни эндиликда Давлат хизматлари марказлари орқали эмас, балки мактаб директорлари томонидан амалга оширилади. Ҳукумат қарорида ушбу қабул жараёни 10 августдан 31 августга қадар амалга оширилиши белгиланди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-сонли қарорига кўра, Тошкентдаги 81та мактабда 1-синфга қабул учун тажриба сифатида пулли қабулни кўзда тутувчи янги тизим жорий қилинганди. Бунда танлаб олинган мактабларга қабул асосий ва қўшимча квота асосида ташкил этилиши ҳамда қўшимча квота учун ота-она пул тўлаши айтилганди.
Бундан ташқари қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилиш учун бир болага нисбатан назарда тутилган ҳолатларнинг ҳар бир банди бўйича ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғимлар ундирилиши кўзда тутилганди.
Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорига мувофиқ, мактабларга болаларни қўшимча квота бўйича қабул қилишда ундириладиган тўлов бекор қилинди.
Шу ўринда 2019 йил 6 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўтказилган брифинг тафсилотларига эътибор қаратиш жоиз. Тадбирда Акмал Саидов болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида, турар жой ва фуқаролигидан қатъи назар, барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши кафолатланишини таъкидлади.
Жумладан, "Сўнгги вақтда ижтимоий тармоқ ва аҳоли ўртасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган умумтаълим мактабларининг пулли қилиниши ва шу каби масалаларнинг барчаси – асоссиз даъво”, деб баёнот берди Марказ директори. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.
Шуҳрат Номозбоев,
«Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари»
журнали катта муҳаррири
- Қўшилди: 09.08.2019
- Кўришлар: 7017
- Чоп этиш