Жорий йил 20 сентябрь куни мактабгача таълим тизимида Сингапур таълим тизими ва ўқитиш методологиясини фаол жорий этишни кўзда тутувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар берди kun.uz сайти. Ушбу қадам мамлакатда мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Меморандумни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ҳамда “Modern Montessori International” компанияси раиси доктор Т.Чандру имзолади. Меморандум Тошкент шаҳрида мактабгача таълим тизимида “Монтесорри” усулида ишловчи педагогларни тайёрловчи ўқув марказини ташкил этиш ва хорижий тажриба асосида фаолият кўрсатувчи мактабгача таълим ташкилотини яратиш лойиҳаларини ҳамкорликда амалга оширишни кўзда тутади.
“Modern Montessori International” компанияси ўз фаолиятини 1989 йили бошлаган. Айни кунда “Modern Montessori International” гуруҳига дунёнинг 14 мамлакати, хусусан Сингапур, Буюк Британия, Гонконг, Бирлашган араб амирликлари, Малайзия ва бошқа мамлакатларда фаолият юритувчи 100 дан ортиқ мактабгача таълим муассасаси киради.
“Modern Montessori International” мактабгача ёшдаги болалар учун таълим жараёнини ташкил этишда “Монтесорри” усулидан фойдаланади.
“Монтесорри” усули ХХ асрнинг биинчи ярмида педагог ва шифокор Мария Монтесорри томонидан ишлаб чиқилган. У боланинг мустақиллиги, маълум чегаралар доирасида эркинлиги, унинг табиий, руҳий, жисмоний ва ижтимоий ривожланиш приципларига асосланган.
Маълумот учун: кейинги 2-3 йилда мамлакатимизда ўсиб бораётган авлодни соғлом ва ҳар томонлама етук вояга етказиш, таълим-тарбия жараёнига самарали таълим ва тарбия шакллари ҳамда усулларини жорий этишга қаратилган мактабгача таълимнинг самарали тизимини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар нодавлат мактабгача таълим муассасалари сонини янада ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар турларини кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлди.
Шу билан бирга, таҳлиллар болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларини замонавий ўқув-методик материаллар ва бадиий адабиётлар билан тўлдириш, соҳага малакали педагог ва бошқарув кадрларини жалб қилиш масалаларини ҳал этиш зарурлигини кўрсатаётганди.
Шунинг учун 2019 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ушбу ҳужжат мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, болаларнинг сифатли мактабгача таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаш, мактабгача таълим хизматларининг нодавлат секторини ривожлантириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Концепцияда, жумладан:
мактабгача таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;
мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш;
болаларнинг сифатли мактабгача таълим билан қамровини ошириш, ундан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, мазкур соҳада давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш;
мактабгача таълим тизимига инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
мактабгача таълимни бошқариш тизимини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш;
мактабгача таълим тизимига мактабгача таълим тизими ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга мутлақо янги ёндашувларни жорий этиш;
мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг соғлом ва баланслаштирилган овқатланишини, сифатли тиббий парваришини таъминлаш масалалари назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.09.2019
- Кўришлар: 6846
- Чоп этиш