Сўнги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилда Парламентлараро Иттифоқ томонидан Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича “Йўл хариталари”ни қабул қилиш амалиёти ижобий баҳоланди.
АҚШ Давлат департаменти 2020 йил 10 июнь куни диний эркинлик соҳасида 2019 йил учун навбатдаги маърузани тақдим этиб, Давлат котиби Майкл Помпео: “Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича жиддий қадамлар қўйилди ва бу қадамлар давом этмоқда” деб таъкидлади ва Ўзбекистонда эришилган ўзгаришни алоҳида қайд этди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг 2019 йил учун йиллик Ҳисоботида Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик қуйидаги таҳрирда алоҳида эътироф этилди: “Олий комиссар бошқармаси томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича миллий вазифаларни бажариш жараёнига инсон хуқуқлари масаласини узвий боғлаш бўйича маслаҳатлар амалга оширилди”.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5953-сонли фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4551-сон Қарорининг ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми натижалари бўйича таклифлар ва тавсияларни амалга ошириш бўйича 2019-2020 йилларда Ҳаракатлар режасининг ("Йўл харитаси") ижросини таъминлашга қаратилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб беради.
Миллий стратегия инсон ҳуқуқлари бўйича барча фаолият соҳаларини қамраб олади, шу билан бирга у бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга.
Биринчидан, Миллий стратегия инсон ҳуқуқларини таъминлашда узоқ муддатга мўлжалланган мақсадли тадбирлар мажмуидан иборат бўлиб, Ўзбекистон тарихидаги илк стратегик ҳужжат бўлиб ҳисобланади;
Иккинчидан, Миллий стратегияда инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш масаласига тизимли ёндашувни назарда тутувчи тадбирлар мажмуини таклиф қилади. Бу инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади;
Учинчидан, ушбу Стратегияда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар, болалар, шунингдек ёрдамга муҳтож аҳоли қатламлари ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш кафолатларини янада кучайтириш масалаларига алоҳида аҳамият берилган;
Тўртинчидан, Миллий стратегияда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва фанга ҳам ўрин ажратилганки, бу жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги масалалар ечимига илмий ёндашиш имкониятини беради;
Бешинчидан, Миллий стратегия инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш соҳасини такомиллаштиради;
Олтинчидан, Стратегияда инсон ҳуқуқлари бўйича давлат сиёсатини такомиллаштириш учун халқаро тажрибадан самарали фойдаланишни назарда тутади;
Еттинчидан, мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат ташкилотлари имкониятларини кенгайтиради ҳамда давлат ва жамоатчилик назорати тизимини яхшилайди, бу соҳада давлат-жамоатчилик шерикчилиги салмоғини оширади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида 50 дан ортиқ давлат органлари, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан 300 дан ортиқ таклифлар олинди, улардан 200 га яқини лойиҳани такомиллаштириш учун қабул қилинди.
Шунингдек, Миллий стратегиянинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz сайтида жойлаштирилди, унда мингдан ортиқ мурожаатлар қилинди ва 10 дан ортиқ таклифлар билдирилди.
40 дан ортиқ миллий электрон сайтлар, 10 дан ортиқ хорижий сайтлар томонидан Миллий стратегия лойиҳаси юзасидан ижобий муносабатлар билдирилди.
Шунингдек, Фармон лойиҳаси билан қуйидагилар тасдиқланади:
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси;
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”;
Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги Низом.
Миллий стратегия 5 бўлимдан иборат бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ривожланиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тизимли муаммолар Миллий стратегиянинг мақсад ва вазифалари, Миллий стратегияни амалга оширишнинг асосий йўналишлари, Миллий стратегияни амалга ошириш, бажарилишини мониторинг қилиш ҳамда молиялаштириш механизми каби масалалар ўз ифодасини топган топган.
Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 5 та йўналишдаги 88 та банддан иборат чора-тадбирларни ўз ичига олган, жумладан:
шахсий ва сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги,
иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш соҳасидаги,
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш ҳамда мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича,
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводҳонлигини ошириш, жумладан бу борада самарали ахборот ва маърифат тарқатиш, таълим бериш фаолиятини ташкил этиш бўйича,
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тадбирлар назарда тутилган.
- Қўшилди: 22.06.2020
- Кўришлар: 5600
- Чоп этиш