10 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “Парламентлар ва барқарор ривожланиш мақсадлари” номли илмий тўпламнинг ўзбекча нашри тақдимоти ўтказилди.
Тўплам Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси молиявий кўмагида чоп этилган. Нашр масъул муҳаррири – академик Акмал Саидов, таржимон – Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков.
Тақдимотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари, олимлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар мазкур илмий тўпламда Ўзбекистон мустақил халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида жаҳон ҳамжамияти сифатида мустаҳкам ўрин эгаллагани ўз ифодасини топганини қайд этдилар. Ўзбекистон ўтган даврда кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги каби халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Маълумки, 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги “Кун тартиби”да баён этилган Барқарор ривожланиш соҳасидаги 17 мақсад (БРМ) 2016 йилда расман кучга кирди. БРМ барча мамлакатларни инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш билан бирйўла равнақ топиш учун кўмаклашишга даъват этади.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 7 февралда тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси кейинги даврда, ўзининг туб моҳиятига кўра, Ўзбекистонда сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда иқтисодий, маданий-маърифий ислоҳотларнинг стратегик дастурига айланди.
Ҳаракатлар стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг миллий “йўл харитаси” сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу дастуриламал ҳужжат ва унинг устувор йўналишлари барқарор тараққиётни миллий даражада муваффақиятли рўёбга чиқаришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги нутқида Қонунчилик палатаси бундан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича вазирлар ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиши лозимлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари яна бир муҳим масала – Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномага қўшилгани, мазкур йўналишда БМТнинг устав органларида Ҳукуматимиз мунтазам равишда миллий ҳисоботлар бериб келаётганига эътиборни қаратди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Қонунчилик палатаси ролини ошириш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва ижро этиш ҳам қуйи палатанинг диққат марказида бўлиши кераклигини қайд этди.
Шу маънода, тақдимот маросимида таъкидланганидек, мазкур тўпламда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар қабул қилиниб, уларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилгани ҳамда “Йўл харитаси” тасдиқлангани алоҳида кўрсатилган.
Миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш юзасидан Ўзбекистоннинг йиллик ҳисоботини тайёрлаш, уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳамда БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига тақдим қилиш кўзда тутилган.
Давра суҳбатида Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субьекти сифатида бундан буён ҳам БМТнинг устав ва шартномавий органлари, махсус механизмлар билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни жорий қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистонда ҳамда БМТга аъзо бўлган бошқа давлатларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятнинг халқаро ва миллий мониторингини такомиллаштиришда фаол иштирок этиши эътироф этилди.
“Парламентлар ва Барқарор ривожланиш мақсадлари: ўзини баҳолаш учун воситалар тўплами” миллий парламент аъзолари, ҳуқуқшунос мутахассислар ва талабалар, умуман, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, унда “Барқарор ривожланиш мақсадлари нима?” деган саволга аниқ ва қизиқарли маълумотлар орқали атрофлича жавоб берилган.
Тадбир доирасида ушбу илмий тўпламни вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик орасида тарғиб этиш зарурлигига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари дастури ижросининг назорати юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.02.2020
- Кўришлар: 4756
- Чоп этиш