Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан эълон қилинган Инсон ҳуқуқлари ойлиги доирасида 2020 йил 14 декабрдан жазони ижро этиш тизимининг тиббиёт ходимлари учун «Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазони самарали тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш» мавзуида уч кунлик тренинг бошланди.
Тренинг машғулотлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг "Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича қўшма лойиҳа"си доирасида ўтказилмоқда.
Ушбу тадбир ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳисобланади.
Инстанбул протоколи - Қийноқларни ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазони самарали тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш бўйича қўлланма қийноққа солинганлик ҳолатларини тергов қилиш ва бундай баҳолаш ва тергов натижаларини суд ёки бошқа тергов органига тақдим этиш учун халқаро кўрсатмалар сифатида хизмат қилади.
Кўрсатма қийноқларни ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазони самарали тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш тамойилларини ўз ичига олади. Ушбу тамойиллар қийноқларнинг самарали ҳужжатларини таъминлаш учун давлатлар амал қилиши лозим бўлган минимал стандартларнинг қисқача тавсифини беради.
Кўрсатмалар мажбурий характерга эмас. Улар юқорида қайд этилган тамойилларга асосланган минимал стандартлардир ва мавжуд имкониятларга мувофиқ қўлланилиши керак.
Тренингдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси тизимидаги пенитенциар муассасалар тиббий ходимларини Истанбул протоколининг асосий қоидалари билан таништиришдан иборат.
Тренинг илк кунида иштирокчилар томонидан қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
- қийноқларни тергов қилиш, ҳужжатлаштириш ва жиноий жавобгарликка тортиш соҳасидаги давлатлар мажбуриятлари;
- Истанбул протоколининг асосий қоидалари ва тамойиллари;
- "жабр қилма" тамойили мажбуриятлари билан танишиш»;
- қийноқларни ҳужжатлаштиришда ўзаро ҳамкорлик қилиш.
Тренинг ишида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси пенитенциар муассасаларининг тиббий ходимлари, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари иштирок этди.
Тренинг давомида тиббий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида ахборотлар тақдим этилди. Иштирокчилар Истанбул протоколининг асосий қоидалари, қийноқларнинг жисмоний ва психологик оқибатлари ва қийноқлар қурбонларини реабилитация қилишнинг асосий тамойиллари билан ҳам таништирилди.
Махсус таклиф этилган халқаро экспертлар қийноқларни тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш, Истанбул протоколи бўйича қийноқларни тергов қилишнинг халқаро стандартлари, қийноқларни тергов қилишда мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлиги, қийноқларнинг жисмоний ва психологик далиллари тўғрисида маълумот бердилар.
Тренинг доирасида «Қийноқларни ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазони самарали тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш (Инстанбул протоколи)» қўлланмасининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир сўнгида тренинг иштирокчилари қийноқларнинг олдини олиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Халқаро ҳамкорлик бўлими
- Қўшилди: 14.12.2020
- Кўришлар: 4387
- Чоп этиш