Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Бу ҳужжат халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 нафар фуқаро афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 7 нафари 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафари аёл, 7 нафари чет давлат фуқаролари, 164 нафари тақиқланган ташкилотлар иштирокчиларидир.
Оила боқувчиси, тарбиячиси бўлган ота-онанинг уйга қайтиши жуда чуқур маънавий аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, мазкур Фармон айни вақтда оиланинг давлат муҳофазасида бўлишига хизмат қилади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.
Ҳар қандай фармон ижроси билан халқ ишончини қозонади ва жамиятда қонунларга ҳурматни кучайтиради. Шу боис, масъул вазирлик ва мутасадди идоралар афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун барча ишларни бошлаб юборди.
Шундай қилиб, афв тўғрисидаги ушбу ҳужжат адашган ҳамюртларимиз ва уларнинг оила аъзолари учун ҳақиқий Рамазон туҳфаси бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.05.2020
- Кўришлар: 4212
- Чоп этиш