Шу йил 4-8 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Қонун устуворлиги ва дин» мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда турли давлатлардан вакиллар иштирок этишди.
Семинарнинг очилиш маросимида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид тавсиялари асосида 52 та чора-тадбир белгилангани ва шундан 51 таси бажарилгани ҳақида маълум қилди.
Ушбу ахборот ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, fayzbog.uz сайтида 2019 йил 6 ноябрда “Инсон ҳуқуқлари миллий маркази инсон ҳуқуқларидан хабардорми?” номли мақола эълон қилинди.
Мақолада, ижтимоий тармоқлардаги шу мавзу билан боғлиқ бошқа айрим мунозараларда ҳам кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, хусусан, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида эришилган натижаларни кўриб-кўрмасликка олиш, ҳатто ижобий ўзгаришларни хаспўшлаш кайфияти сезилади. Шунинг учун, авваламбор, шу масалага тўхталишни лозим топдик.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йил 7 февралда тасдиқланган «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» доирасида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида самарадор ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Биринчидан, диндорларнинг муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиши борасида уларга зарур шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган ишлар натижадорлиги ошди. Ҳаж зиёратини амалга оширадиган фуқароларимиз сони ортди. Умра сафари билан боғлиқ ташкилий чекловлар олиб ташланди.
Иккинчидан, 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюция қабул қилинди. Натижада АҚШ Давлат департаменти диний эркинлик соҳасида “алоҳида ташвишлантирувчи” мамлакатлар рўйхатидан Ўзбекистонни чиқарди.
Учинчидан, мамлакатда Имом Термизий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.
Тўртинчидан, Самарқанд вилоятида Калом илми мактаби, Қашқадарё вилоятида Ақида илми мактаби, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд Тасаввуф илми мактаби, Фарғона вилоятида Ислом ҳуқуқи мактаби ва Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби иш бошлади.
Бу илмий мактабларнинг фаолиятидан кўзланган асосий мақсад ислом динини чуқур ўрганиш ва унинг маърифатпарвар ғояларини кенг жамоатчиликка, шу жумладан, оддий фуқароларга содда тилда етказишдир.
Бешинчидан, «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди.
Олтинчидан, “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди. Низомда диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун олинадиган давлат божининг миқдори 5 бараварга қисқартирилган, диний ташкилотларнинг рўйхатга олувчи органларга фақатгина бир йилда бир маротаба ҳисобот бериши тартиби белгиланган.
Еттинчидан, рўйхатга олувчи органнинг диний ташкилотни тугатиш бўйича ваколати бекор қилинди.
Энди fayzbog.uz сайтидаги мақола сарлавҳасида берилган кинояли саволга келсак, албатта, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқларидан хабардор. Марказ ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасидаги ўз ваколатларини ҳам яхши билади ва уларни қатъий бажариб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Марказнинг вазифа ва ваколатлари кўлами янада кенгайди.
Бундан ташқари, блогер Мусанниф Адҳам “Фейсбук” тармоғидаги саҳифасида Марказ директори Акмал Саидовнинг ҳуқуқшунос эканига ўзича шубҳа билдирган.
Бинобарин, академик А.Саидов мамлакат ва жаҳон миқёсида таниқли ҳуқуқшунос сифатида эътирофга сазовор.
Шу йил 7-8 октябрь кунлари пойтахтимизда А.Саидов ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг раҳбари сифатида “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинарини ташкил қилди.
Халқаро анжуманда дунёнинг қарийб 50 давлатидан – Осиё ва Африка қитъалари ҳамда араб мамлакатларидан вакиллар қатнашди. Иштирокчиларнинг жами сони 150 нафарни ташкил этди. Иштирокчилар якунловчи ҳужжат – Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларациясини қабул қилдилар.
Ўтган йили эса Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилганди. Форум якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд Декларацияси қабул қилинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.11.2019
- Кўришлар: 5343
- Чоп этиш