Тошкент шаҳрида 7-8 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари иштирокчиларидан иборат 50 дан зиёд хоржий давлатлар делегациялари изма-из юртимизга ташриф буюрмоқда.
Юртимизга етиб келган мўътабар меҳмонлар учун 6 октябрда пойтахтимизнинг маданий-маърифий масканлари ва муқаддас зиёратгоҳларига саёҳат ташкил этилди.
Туркия делегацияси аъзолари “Хастимом” мажмуаси ҳамда Амир Темур ва темурийлар давлат музейига ташриф буюришди. Ўзбекистон халқлари тарихи музейида бўлиб, бу ердаги “Меҳмонлар китоби”га ўз тилакларини битиб қолдиришди.
Қардошларимиз Турк миллий маданият марказида ҳам бўлдилар. Мазкур миллий маданият маркази фаолияти мисолида Ўзбекистонда барча миллат ва элатларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Юртимиздаги миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибордан хурсанд бўлдилар.
- Тошкент саёҳати бизда катта таассурот қолдирди, - деди Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик кенгаши раиси Сулейман Арслан. – Қадимий ва навқирон пойтахт шаҳрингиз жуда гўзал экан. Айниқса, сўлим хиёбонлар, кўркам боғлар, тарихий биноларнинг кўплиги, замонавий меъморчилик иншоотлари муҳташам ва инсонларнинг яшаши учун қулай эканидан қувондик. Ўзбекистонда аждодлар тарихини, айниқса, ислом маданияти тарихини ўрганишга бўлган эътиборни юқори баҳолаймиз.
Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раисининг қайд этишича, Туркия делегацияси Ўзбекистонга иккита тадбирда қатнашиш учун келган. Булардан бири – ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 6-йиллик йиғилишидир. Меҳмоннинг фикрича, бу нуфузли халқаро анжуманда ИҲТ маконидаги турли мамлакатларда ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари муҳокама қилиниши ғоятда муҳим.
“Биз ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг раиси Акмал Саидов жаноблари билан шу йил 29-30 апрель кунлари Анқара шаҳрида оилалар ҳимояси ҳуқуқига бағишлаб ташкил этилган симпозиумда учрашгандик, - деб таъкидлади Сулейман Арслан. – Ўшанда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишиб олган эдик. Ушбу келишувни амалга ошириш мақсадида ўзаро Меморандум тузиш мақсадимиз бор”.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.10.2019
- Кўришлар: 5434
- Чоп этиш