Тошкентда “Замонавий конституциявийлик: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция иш бошлади

ТОШКЕНТ, 14-декабр. /"Дунё" АА/. Бугун Тошкентда “Замонавий конституциявийлик: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ (ИҲММ), Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан ташкил этилди.

Анжуманда дунёнинг турли мамлакатларида конституциявий ислоҳотларни амалга оширишнинг долзарб тенденциялари муҳокама қилинади, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратадиган мамлакатимиз Асосий қонунини жамият ва давлат тараққиётининг мукаммал воқеликлари билан уйғунлаштириш юзасидан фикр алмашилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, ИҲММ директори Акмал Саидов, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, илмий-таҳлил марказлари ва халқаро ташкилотларнинг бошқа вакиллари маъруза қилади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech