БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 20 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Вестминстер университетида бир гуруҳ ҳуқуқшунос талаба-ёшлар билан учрашди.
Учрашувда Вестминстер университети, Тошкент Давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Бош прокуратура Академияси тингловчилари иштирок этди. Мўътабар меҳмонни юздан ортиқ навқирон йигит-қиз очиқ чеҳра ва эъзоз-эҳтиром билан кутиб олди.
Диего Гарсия-Саян аввало ёшларнинг бу қадар кенг даврасига таклиф этилганини тасаввур ҳам қилмаганини эътироф этди. “Ёшларнинг кўплиги нуқтаи назаридан, Ватаним билан Ўзбекистон ўзаро ўхшаш экан”, деди у.
БМТ Махсус маърузачиси кириш сўзида суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципи фақат судьялар, прокурорлар ва адвокатлар тимсолидаги соҳа мутахассисларигагина тааллуқли эмаслигига эътибор қаратди. Бу биринчи навбатда сиёсий ҳокимият ва барча фуқаролар учун ғоят муҳимдир, дея таъкидлади меҳмон. Ўзбекистонда бу борада изчил ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётгани диққатга сазовор.
Д. Гарсия-Саян билан талаба-ёшлар ўртасидаги самимий мулоқот қизғин савол-жавобларга уланиб кетди. Меҳмон Тошкент шаҳрининг кўркамлиги, юртимизнинг ободлиги, ўзбек халқининг очиқлиги ва меҳмондўстлигини қайд этди.
БМТ Махсус маърузачисининг айтишича, у ҳаётда учраб турадиган айрим муаммоларга қарамай, ўзбекистонликларнинг кўтаринки кайфият ва келажакка ёруғ ишонч билан ёшаётганига гувоҳ бўлган. Айниқса, Ўзбекистонда жиноятчилик кўрсаткичларининг ниҳоятда пастлиги уни ҳайратга солган.
Д. Гарсия-Саян адвокатлик соҳаси билан боғлиқ саволга жавоб берар экан, Ўзбекистонда адвокатлар сони кам эканидан ҳайрон бўлганини айтди. Бу ҳолатга аниқлик киритишга қизиқди.
Маълумки, юридик факультетни битирган мутахассис адвокатлик лицензиясини олиш учун икки йиллик амалиётни ўташи талаб этилади. Мамлакатда адвокатлик соҳасини танлайдиган ҳуқуқшунослар озлигининг асосий сабаби шу бўлиши ҳам мумкин.
Қолаверса, бугунги кунда жамият ҳаётининг барча соҳаларида шиддатли янгиланишлар амалга оширилмоқда, жумладан, яхши адвокат бўлиб етишиш имкониятлари тобора кенгаймоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, навқирон юристларни адвокатура соҳасига қизиқтириш, йўналтириш ва ҳар томонлама рағбатлантиришни тақозо этади.
Д. Гарсия-Саян инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмларидан фойдаланиш билимли ва савияли ҳуқуқшунослар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, у мамлакат халқаро судларда ўз давлати манфаатларини ҳимоя қилиш салоҳиятига эга юристларни тайёрлаши зарурлигига урғу берди.
Меҳмоннинг фикрича, ҳуқуқшунос кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш жараёнларида ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар ҳамда экология муаммоларини чуқур ўргатиш ва бу соҳаларга доир ҳуқуқларни ҳимоя қилиш кўникмасини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга.
“Ҳозирги вақтда мазкур соҳалар бўйича жуда юқори халқаро стандартлар мавжуд, – деди БМТ Махсус маърузачиси. – Ана шу стандартларни пухта ўзлаштирган ва ушбу соҳаларга ихтисослашган юристлар давлатга ҳам, йирик компанияларга ҳам керак”.
Бу жараёнда мамлакатнинг қайси минтақасида қандай соҳаларга ихтисослашган юристларга эҳтиёж мавжудлигини таҳлил қилиш даркор. Сўнгра таҳлил хулосаларини таълим жараёнларида ҳисобга олиш мақсадга мувофиқдир.
Д. Гарсия-Саян, шунингдек, коррупцияга қарши қатъий курашиш зарурлиги ҳақида алоҳида тўхталди. У қайд этганидек, коррупция суд ҳокимиятининг мустақиллиги йўлидаги энг катта тўсиқлардан биридир.
Бундан ташқари БМТ Махсус маърузачиси аёлларнинг ҳуқуқ соҳасида ишлаши учун кенг йўл берилиши лозимлигини билдирди. Хусусан, у олий судлов идораларида хотин-қизлар вакиллари ҳам сайланишига доир фикрларни қўллаб-қувватлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.09.2019
- Кўришлар: 5485
- Чоп этиш