“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”фармони билан Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учункўкрак нишони таъсис этилган эди. Ўзбекистон Республикасини Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 685-сонли қарори билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони ва гувоҳномасининг тавсифлари тасдиқланди.

– Ҳукумат томонидан мазкур қарорнинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини бажариш йўлида қўйилган яна бир муҳим амаий қадам эканини қайд этиш мақсадга мувофиқдир, деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталиб.

А.Саидовнинг фикрича, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонининг таъсис этилгани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатининг самарадорлигини таъминлашда ғоят катта аҳамият касб этади. Бинобарин, "биз ана шу янги мукофот тимсолида соҳа ривожига беқиёс амалий ҳисса қўшаётган юртдошларимиз, хорижий ва халқаро ҳамкорларимизни муносиб рағбатлантириб бориш имкониятига эга бўлмоқдамиз", деб таъкидлади у.

Мазкур кўкрак нишонини таъсис этилишидан мақсад инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқаролар ва ташкилотларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда тақдирлаш, бу фаолиятни амалга оширишда ўрнак бўлаётганлар намунасини, уларнинг тажрибасини оммалаштиришдан иборат. Бу билан давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини кучайтириш назарда тутилган.

Кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.

Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.

Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 685-сонли қарорига кўра кўкрак нишони билан тақдирлаш жараёни қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

  • Фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1октябрга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодларни тақдим этади. Таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, сўнгги уч йил давомида у томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.
  • Ҳар йили 10 октябрга қадар кўкрак нишони бўйича таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилади. Комиссия инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар, шунингдек соҳада фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда тузилади.
  • Комиссия ҳар йили 10ноябрга қадар номзодлар бўйича ҳужжатларни ўрганиб, тақдирлашга энг муносиб номзодларни тавсия қилади.
  • Ҳар йили 1декабрга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
  • Ҳар йили 10декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тантанали тарзда топширилади.
  • Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech