Ўзбекистон 434 нафар аёл ва болани Сурия ҳамда Ироқдан ўз она юртига қайтарди. Бу амалий тажриба Женевада бўлиб ўтаётган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 47-сессияси доирасида тақдим этилди.
2021 йил 5 июль куни “Сурия ва Ироқдан олиб келинган аёллар ва болаларнинг реабилитацияси ҳамда реинтеграцияси” мавзуида ташкил этилган онлайн-тадбирда Ўзбекистон вакиллари ушбу масала бўйича чиқишлар қилди.
«Мамлакатимиз мазкур масалага жуда катта аҳамият бермоқда. Натижада 2019 йилдан буён ҳукумат томонидан 5 та амалиёт ўтказилди ва жами 530 нафар инсон, асосан аёллар ва болалар ўз уйларига олиб келинди. Бу ишлар ҳатто пандемия даврида ҳам тўхтаб қолмади – сўнги амалиётлардан бири жорий йилнинг апрелида амалга оширилди», – деди ўз чиқишида Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили Улуғбек Лапасов.
Унинг таъкидлашича, фуқароларимизни ватанга қайтариш билан боғлиқ операциялар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳнамолигида амалга оширилмоқда. Халқаро ҳамкорлар кўмагида ташкил этилган ушбу операциялар Ўзбекистон Конституцияси талабларига тўлиқ мос келади. Бинобарин, Конституцияга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан “қайноқ нуқта”лардан олиб чиқилган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш мақсадида ишчи гуруҳлар тузилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз чиқишида шу ҳақда батафсил тўхталди.
Ишчи гуруҳлар зиммасига ушбу фуқароларни реабилитация қилиш, ҳужжатларини тиклаш, ишга жойлаштириш, бошпана билан таъминлаш, болаларни мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига жойлаш, етим болалар учун васий ҳамда ҳомийлар белгилаш ёки уларни давлатга қарашли ижтимоий муассасаларга жойлаштириш, бу инсонларнинг соғлиги ва руҳий ҳолати устидан доимий мониторинг олиб бориш вазифалари юкланган.
«Бундан ташқари эҳтиёжи бор репатриантларга жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Ота-оналари Сурия ва Ироқда ҳалок бўлган болаларга яқин қариндошлари орасидан васийлар белгиланди. Бу каби тадбирлар якунига етгач, ватандошларимиз ўзлари доимий яшаган уйларига кузатиб қўйилди. Бу ерда давлат ва жамоат ташкилотлари мувофиқлаштируви остида уларни ижтимоий мослашишлари ва жамият ҳаётига киришиб кетишларига кўмаклашадиган кўплаб чора-тадбирлар ташкил этилди”, деди А.Саидов.
БМТнинг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси профессор Фионнуала Ни Аолейн Ўзбекистоннинг аёллар ва болаларни ватанга қайтариш ҳамда тинч ҳаётга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини, айни йўналишдаги етакчилик ролини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, ҳозирги вақтда Суриянинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган “Ал-Ҳол” ва “Рож” лагерларида қарийб 70 минг инсон – 57 давлат фуқаролари ҳисобланувчи асосан аёллар ва болалар оғир аҳволда сақланмоқда. Фақат айрим давлатларгина ана шу аёллар ва болаларни ватанга қайтариш ҳамда тинч ҳаётга мослаштириш тўғрисидаги ўзларининг халқаро мажбуриятларини бажармоқда, холос.
Халқаро учрашув иштирокчилари Ўзбекистон томонидан ўз фуқароларини ватанга қайтариш бўйича амалга оширилаётган дастур ҳалигача фуқаролари Сурия ва Ироқдаги лагерларда сақланаётган кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши, қолаверса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ибратли амалиёт сифатида қабул қилиниши мумкинлигини эътироф этдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.07.2021
- Кўришлар: 4229
- Чоп этиш