Яқинда “facebook” ижтимоий тармоғида блогер Каримберди Турамурод имзоси билан эълон қилинган хабарга қараганда, гўёки Хатирчи туманида яшайдиган фуқаро Обид Холмановнинг уйига тонгга яқин (сана кўрсатилмаган) соат 3:30-4:00 атрофида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Навоий вилояти бўлими ходимлари девордан ошиб тушган. Бундан кўзланган мақсад фуқаронинг хонадонида ноқонуний ишлатилаётган жувоз ёки тегирмонни мусодара этиш бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасига мувофиқ, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мазкур конституциявий нормага хилоф ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қоралайди. Шунингдек, барчани Конституция талабларига қатъий риоя этишга чақиради.
Марказ интернетда тарқалган воқеа тафсилотлари ҳақида аниқ маълумотга эга эмас. Шунга қарамай, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига расмий хат юборилди ва ҳолатни аниқлаштириш, фуқаро О.Холмановнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ушбу воқеа юзасидан қонун устуворлигини таъминлаш сўралди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.11.2019
- Кўришлар: 5051
- Чоп этиш