«Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан «Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.  Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 12-банди ижроси доирасида тайёрланди.

Мазкур қонун лойиҳаси фуқароларнинг ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий, синфий ёки бошқа ҳолатлардан қатъи назар, жамият ҳаётининг турли соҳаларида камситилиш ҳолатларидан тўлиқ ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган.

Лойиҳада «камситиш», «тўғридан-тўғри, билвосита ва кўп марта камситиш», «камситиш белгилари» тушунчаларини қонунчиликка киритиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг усуллари ва воситаларини такомиллаштириш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича самарали механизмлар жорий этиш назарда тутилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech