Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан учрашув тўғрисида

2021 йил 17 февраль куни Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидовнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (UNODC )раҳбари А.Миттал билан учрашуви бўлиб ўтди.

UNODCнинг Минтақавий ваколатхонаси раҳбари А. Миттал Марказ директорига COVID-19 пандемияси даврида амалга оширилаётган самарали ҳамкорлик ва ташкил этилган учрашув учун ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, у сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни мамнуният билан қайд этди.

Учрашув давомида томонлар одам савдосига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, одам савдоси қурбонларини аниқлаш ва реабилитация қилиш механизмини халқаро стандартларга мувофиқ самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар.

Учрашув кун тартибидаги яна бир масала қийноқларга қарши курашиш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш, ички ишлар идораларининг маҳкумларга нисбатан халқаро стандартларга мувофиқ салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилашдан иборат бўлди.

Томонлар нафақат тегишли ваколатли органлар ўртасида, балки минтақавий даражадаги самарали ўзаро алоқаларни амалга ошириш механизмлари муҳимлигини таъкидладилар.

Ўз навбатида, А. Миттал хоним учрашув давомида кўрсатилган барча ҳамкорлик йўналишлари бўйича ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech