Конституция ва фуқаролик жамияти
Истиқлол йилларида мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий муҳити, кайфияти тобора юксалмоқда. Ўтган даврда қабул қилинган ушбу соҳага доир 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат ана шу юксалишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир.
Фуқаролик жамиятининг конституциявий асослари
Бу ҳақда сўз борганда, аввало, миллий қонунчиликда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси етакчи ўрин тутишини таъкидлаш лозим. Асосий Қонунимизнинг 34-моддасида фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Яъни: “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”.
Конституциямизнинг учинчи бўлимидаги ХIII боб – “Жамоат бирлашмалари”, деб номланади. Мазкур бобдаги моддалар фуқаролик жамиятининг анъаналарини тиклаш, жамоат бирлашмалари мақомини ҳуқуқий тарзда расмийлаштириш, уларнинг реал ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган конституциявий қоидалардан ташкил топган.
Энг муҳими, Конституциямизда фуқаролик жамияти институтларини ташкил этиш ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари эътироф этилган. Фуқаролик жамияти институтларининг давлат билан ўзаро ҳамкорлиги принциплари белгиланган.
Ана шу конституциявий нормаларни амалда қўллаш мақсадида “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Ҳомийлик тўғрисида”, янги таҳрирда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”, шунингдек, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Албатта, фуқаролик жамияти институтлари фаолият кўрсатадиган ҳуқуқий маконни янада кенгайтириш мақсадида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар моҳиятидан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилмоқда. Бугунги давр талаблари асосида янги қонунлар қабул қилинмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни тилга олишни истардим. Ушбу Қонуннинг мақсади – давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунга биноан, Ўзбекистон фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), оммавий ахборот воситалари (ОАВ) жамоатчилик назорати субъектлари этиб белгиланган.
2018 йил 18 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, давр талабларидан келиб чиқиб, соҳага доир бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар такомиллаштирилди.
Фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш
Орадан кўп ўтмай, яъни 2018 йил 4 майда давлатимиз раҳбари “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини имзолади.
Фармонда, биринчидан, мазкур соҳанинг ҳозирги ҳолатига мухтасар ва холис баҳо берилган;
иккинчидан, мавжуд камчиликлар очиқ-ошкора кўрсатиб ўтилган;
учинчидан, аниқланган муаммоларни бартараф этишга доир амалий чора-тадбирлар белгиланган;
тўртинчидан, шу таъсирчан чораларни амалда татбиқ этиш ва кутилган самарадорликка эришнинг аниқ механизмлари кўзда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳуқуқий ҳужжатда Президентимизнинг бугунги кун ва яқин истиқболда Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббуслари ўз аксини топган. Шунинг учун ушбу Фармон том маънода тарихий ҳужжатдир.
Президентимиз илгари сурган муҳим ташаббуслардан бири шуки, 2018 йил 1 июндан бошлаб – рўйхатдан ўтказувчи орган билан ННТнинг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилди. Бу нима дегани?
Гап шундаки, Фармонда ННТни рўйхатдан ўтказиш жараёнларини, уларнинг фаолияти тартибини белгиловчи қонунчилик нормаларида ортиқча бюрократик талаблар ва ғовлар назарда тутилгани, бу нормалар эскирганлиги ва замон талабларига жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилган.
Очиғини айтганда, муайян ННТ ўзи ўтказадиган тадбирни тегишли давлат органи билан “келишиши”нинг ўзиёқ кўпинча турли тўрачилик ва сансалорлик ҳолатларини келтириб чиқараётган эди. Эндиликда ННТ ўзини рўйхатдан ўтказган давлат органини қандай тадбир уюштираётгани ҳақида хабардор қилиши кифоядир.
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши
Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси, шунингдек, ушбу дастурий ҳужжат доирасида 2017, 2018 ва 2019 йиллар бўйича давлат дастурлари жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, сўнгра қабул қилинган. Бундан кўзланган асосий мақсад – давлат аҳамиятига молик долзарб масалаларни комплекс равишда таҳлил қилиш, кенг жамоатчилик қатламлари, экспертлар шарҳи, фикр-мулоҳаза ва таклифларини ўрганишдан иборат.
Бинобарин, давлат ва жамият аҳамиятига молик бундай ҳужжатларни тайёрлашда бутун Ўзбекистон халқининг қизиқишлари тўла инобатга олинишини таъминлаш учун аҳоли ўртасида кенг муҳокамалар ташкил этиш, доимий равишда халқ билан мулоқот қилиш тақозо этилади. Бунда, шубҳасиз, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ННТ фаол бўлиши даркор.
Ўз навбатида, ушбу ижтимоий тузилмалар билан амалий мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилди. Мазкур Маслаҳат кенгашини ташкил этиш ғояси Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган ва Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилган илк Мурожаатномасида илгари сурилганди.
Маслаҳат кенгаши фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни изчил асосда муҳокама қилиб, мазкур секторнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам равишда хабардор қилиб боради.
Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, фуқаролик жамияти институтларига уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришда, илғор халқаро тажрибани ўрганишда ва ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитида жорий этишда кўмаклашиш ҳам мазкур Маслаҳат кенгашининг вазифасидир. Маслаҳат кенгаши фаолияти бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мувофиқлаштирилади.
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази
Шу ўринда 2019 йил 30 октябрда Президентимизнинг “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Қарорда кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни комплекс ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолашнинг яхлит ва мустақил тизимини шакллантириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати механизмлари самарадорлигини ошириш, уларни янада ривожлантиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш учун илмий-амалий майдон яратишга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази мақомида қайта ташкил этилди. Марказнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилди.
Марказ ҳар йили Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва уни ривожлантириш тенденциялари тўғрисидаги маърузани Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашига кўриб чиқиш учун киритади. Маслаҳат кенгаши, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот беради.
Фуқаролик жамияти: жамоатчилик назорати ва шахснинг фаол позицияси
Бугунги кунда Маслаҳат кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 4 октябрда қабул қилган “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси билан ҳам изчил шуғулланмоқда.
Мамлакатимизни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг жадал суръатлари, ўз навбатида, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар, ННТ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирок этишларидаги ролини ошириш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларини инобатга олган ҳолда ушбу йўналишдаги уларнинг фаолиятини авж олдириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурлигини тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг қарори худди шу мақсадга қаратилган.
Қарор Ҳаракатлар стратегияси асосида қабул қилинган. У жамоатчилик фикрини таҳлил этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш асосида бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаришга хизмат қилади.
Президент қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
биринчидан, республика, вилоятлараро ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоятдаги ННТ учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.
иккинчидан, фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
учинчидан, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар бюджетлари ва Тошкент шаҳар бюджети, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларига қўшиладиган бўлди.
ННТ тўғрисидаги кодекс нима учун керак?
Президентимиз қарорида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш бўйича бир қатор амалий ишлар қилинди. Жумладан, 2020 йил 1 февралга қадар ишлаб чиқиладиган Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳасини тайёрлашга айни вақтда Маслаҳат кенгаши эксперт гуруҳлари жалб этилган.
Бундан ташқари, қарор ижроси доирасида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов асосида ННТ раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этиш масаласи ҳам долзарб аҳамиятга эга. Ушбу ташаббусни самарали рўёбга чиқаришда ташкилий-молиявий ечимлар алоҳида эътиборни талаб қилади.
Яна бир муҳим янгилик: 2019 йил 10 сентябрда қабул қилинган “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонуннинг «Нодавлат нотижорат ташкилотининг мажбуриятлари» номли 8-моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».
Қонунни қабул қилишдан мақсад идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига ўтказиш ҳамда қонунчиликни тизимлаштириш доирасида ҳар бир идоранинг ваколатини босқичма-босқич камайтириш ва бекор қилиш бўйича тегишли вазифаларни амалга оширишдир.
Шунга кўра, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига киритилган ўзгартиришга асосан нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартибини тасдиқлаш Адлия вазирлиги ваколатидан чиқарилди. Бу ваколат Вазирлар Маҳкамасига берилди.
Бундан буён ННТнинг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Қонуннинг қабул қилиниши тегишли ижтимоий муносабатлар юқорироқ юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишини таъминлади.
Хулоса қилиб айтганда, жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалардан саналади. Айни вақтда сайлов кампанияси янгича ташкилий-ҳуқуқий шароитларда бўлиб ўтмоқда ва аҳолининг фуқаролик фаоллигини ўстиришда муҳим омил бўлмоқда.
Бунда фуқаролик жамияти институтлари алоҳида ўрин тутмоқда. Зеро, ушбу жамоат тузилмалари давлатнинг ижтимоий шериги сифатида, бир томондан, аҳоли кенг қатламлари ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, иккинчи томондан, фуқароларни демократик ўзгаришлар жараёнига янада кенг жалб қилиш борасида зарур имкониятларни ўзида мужассам этган.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 10.11.2019
- Кўришлар: 9004
- Чоп этиш