Фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтиришда халқаро ва милий тажриба

2021 йил 26 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги билан ҳамкорликда халқаро стандартларни кўриб чиқиш ва Марказий Осиёда фуқаролиги йўқ шахслар сонини камайтириш ҳамда олдини олишда илғор тажриба ва ютуқлар юзасидан фикр алмашиш учун давра суҳбати ташкил этди.

Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги Марказий Осиё бўйича вакили Ханс Фридрих Шоддер очиб берди.

А. Саидов ўз сўзида БМТ Бош котиби Aнтонио Гутерришнинг ўтган йили Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги мурожаатига мувофиқ, 50 минг кишига Ўзбекистон фуқаролиги берилганини қайд этди. Шунингдек, мамлакатимизда 15 йилдан буён доимий истиқомат қилиб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри фуқаролик беришнинг янги тартиби жорий этилаётгани, бунинг натижасида яна 20 минг киши фуқароликка эга бўлиши таъкидлади.

Ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46-сессиясида ҳам Ўзбекистоннинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтиришга содиқлигини таъкидлади.

— Марказий Осиё фуқаролиги бўлмаганликни сиёсий ирода ва ҳамкорлик билан қандай барҳам бериш мумкинлигига илҳомлантирувчи мисолдир. Бу масалани ҳал этишда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ва халқи томонидан амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатларни юксак қадрлаймиз. Беш давлатнинг барчаси фуқаролиги бўлмаганликни камайтириш ва олдини олиш, БМТнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтиришга оид икки конвенциясининг асосий қоидаларини амалга оширишда катта ютуқларга эришди. Биз ушбу икки муҳим конвенцияларга қўшилиш билан якунланадиган тезлаштирилган тараққиётни рағбатлантиришни ва қўллаб-қувватлашни истардим, — деди Ханс Фридрих Шоддер Шоддер.

Давра суҳбатида иштирокчилар фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш ва олдини олиш бўйича халқаро стандартларни кўриб чиқдилар. Марказий Осиёда бу борадаги умумий тараққиётни баҳолаб, энг яхши амалиётлар ва муҳим ютуқларни тақдим этдилар. Иштирокчилар, шунингдек, фуқаролиги бўлмаганлик муаммосини ҳал қилишда мавжуд камчиликларни, уларнинг ечимини топиш учун зарур бўлган қонунчиликка тузатишларни ва Марказий Осиё давлатлари томонидан 2019 йил октябрь ойида Женевада фуқаролиги бўлмаганлик бўйича юқори даражадаги сегментда амалга оширилган мажбуриятларни муҳокама қилдилар.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон давлат органлари вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари идоралари, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссар бошқармаси экспертлари, фуқаролик ва фуқаролиги бўлмаган масалалар билан шуғулланувчи бошқа идоралар ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари иштирок этди.

Манба: parliament.gov.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech