ТОШКЕНТ, 14 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов кеча БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волькер Турк билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, Волькер Турк Ўзбекистонда амалга оширилаётган, жумладан, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни ижобий баҳолади.
Олий комиссарга мамлакатимизда бошланган конституциявий ислоҳотлар ҳақида сўнгги маълумотлар тақдим этилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан БМТ ва унинг тузилмалари ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонга уч кунлик ташрифи давомида қатор вазирлик ва идораларда ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказишни режалаштирган.
Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА).
- Қўшилди: 14.03.2023
- Кўришлар: 3715
- Чоп этиш