«Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари» мавзусидаги халқаро форумнинг учинчи ялпи мажлисида шу ҳақда сўз борди. Интерфаол шаклда ўтказилган ушбу сессия доирасидаги мулоқотга ёш иштирокчилар кенг жалб этилди.
Учинчи ялпи мажлисга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Ёшлар бўйича мутахассиси Даря КОШЕЛЕВА (Женева) ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси Миллий ёшлар дастури мувофиқлаштирувчиси Сабина АХМЕТЖАНОВА модераторлик қилди.
Мунозараларда фаол иштирок этган ёшлар Марказий осиё ёшлар форуми айнан БМТ куни арафасида ўтказилаётгани бежиз эмаслигига эътибор қаратдилар. Жорий йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги яна бир муҳим халқаро сана – Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонланаётгани бежиз эмас, чунки 1993 йили бўлиб ўтган ушбу конференцияда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасига асос солинган.
Декларациянинг 75 йиллиги доирасида ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қизғин фаолиятнинг пешқадамлари бўлган ёшлар ўз ҳуқуқларини амалга ошириш асносида турли қийинчиликларга дуч келаётганини ҳисобга олган ҳолда, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан Ёшлар ҳуқуқлари бўйича маслаҳат гуруҳи таъсис этилган. Маслаҳат гуруҳининг асосий вазифаси инсон ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятида изчил иштирок этиш, ёшлар сиёсатига оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш соҳасидаги ташаббусларни рағбатлантиришдан иборат.
Шу маънода, Марказий осиё ёшлар форумининг учинчи ялпи мажлисида ёшларнинг турли гуруҳлари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий тўсиқлар ва муаммоларни тушунишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, миллий ва минтақавий даражаларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ёшлар инсон ҳуқуқлари бўйича келгуси йилларда қандай ўзгаришлар бўлишини тасаввур қилишлари ва келажакда инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш учун қандай мажбуриятни олганликлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.10.2023
- Кўришлар: 3647
- Чоп этиш