Мамлакатимизда 1-10 декабрь "Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги" деб эълон қилинди. Ушбу тадбир 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилмоқда.
Ўн кунлик доирасида бир қатор муҳим ҳуқуқий-маърифий тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, 1 декабрда бўлиб ўтган "Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида" танлови ғолибларини тақдирлаш маросими шулар жумласидандир.
Шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилади. Бу тадбирлар орқали ёш авлоднинг инсон ҳуқуқлари бўйича тушунча-тасаввурларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида "Инсон ҳуқуқлари билимдони" кўрик-танлови ташкил этилади.
Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида "Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун" кўкрак нишони билан мукофотланган шахсларга ушбу нишонларни тантанали топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади.
Таълим муассасаларида "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари" ҳамда "Янги Конституция ва инсон ҳуқуқлари" мавзуларида турли тадбирлар, жумладан умуммиллий дарслар, маънавият соатлари, очиқ дарслар ва “мастер-класс”лар ўтказилади. Бундан мақсад ёшларга инсон ҳуқуқлари ва конституциявий ҳуқуқ ҳақида батафсил маълумот беришдир.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар кўргазмаси ташкил қилинади. Ушбу кўргазмалар ёрдамида аҳолига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд адабиётлар ва маълумотларни етказиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, жойларда "Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба" мавзусида ўқув курси ўтказилади. Бу тадбирлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини янада ривожлантириш, апйни соҳадаги халқаро тажрибани изчил ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
"Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги" давомида ўтказиладиган барча тадбирлар ОАВда ёритилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 01.12.2023
- Кўришлар: 2801
- Чоп этиш