Ўзбекистон делегацияси Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган «Инсон ҳуқуқлари-75» юқори даражадаги тадбирларда иштирок этмоқда

ЖЕНЕВА, 12 декабрь. /«Дунё» АА/.  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган маданий тадбирларда иштирок этмоқда, деб хабар қиляпти «Дунё» АА мухбири.

1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги эътироф этилган. Бундан ташқари, декларацияда инсон ҳуқуқлари умуминсоний, ажралмас ва барча маданиятлар, динлар ва қитъаларни бирлаштирувчи асосий қадриятларга асосланганлиги қайд этилган.

Тадбир доирасида мамлакатимиз делегация раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк билан учрашув ўтказди. Олий комиссар Ўзбекистон делегациясига «Инсон ҳуқуқлари – 75» тадбирларидаги иштироки учун самимий миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади.

Фолькер Тюрк республикада инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, хотин-қизлар, ногиронлар ва бошқалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни юқори баҳолади.

Олий комиссар жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга қилган ташрифи якунлари бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинганини алоҳида таъкидлади ва ўз офиси ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади.

Унинг айтишича, ташриф якунлари бўйича эришилган келишувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссариат ҳамда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа халқаро тузилмалари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир доирасида Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия вице-президенти, Швейцария собиқ президенти Рут Дрейфус билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.

У Ўзбекистон ҳукуматига ўлим жазосини бекор қилиш бўйича нормаларни республика Конституциясининг янги таҳририга киритгани, мамлакатимизнинг Марказий Осиё минтақасини ўлим жазосидан холи ҳудуд деб эълон қилишдаги фаол роли ва қўшма тадбирларни амалга оширишда кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech