Ўзбекистон парламенти вакиллари Европа парламенти депутатлари билан учрашди

Ўзбекистон Олий Мажлиси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Франциянинг Страсбург шаҳрида Европа парламенти вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Ташриф давомида Европа парламенти депутатлари иштирокида “Ўзбекистон ва Европа парламенти ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни янада жадаллаштириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.  

Тадбирда 30 га яқин Европа парламенти депутатлари, шунингдек, турли парламент фракцияларининг сиёсий маслаҳатчилари иштирок этди.  

Давра суҳбати қатнашчиларига “Янги Ўзбекистон-2030" стратегиясининг асосий йўналишлари, янгиланган Конституциянинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Европа Иттифоқи билан кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари хусусида фикр алмашилди.  

Европарламент депутатлари кейинги йилларда Ўзбекистондаги ўзгариш ва янгиланишлардан яхши хабардор эканликларини, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.  

Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Страсбург шаҳрига ташрифи доирасида Женева дипломатик корпуси президенти, швейцариялик Роберт Блумнинг “Ўзбекистон – Марказий Осиё дурдонаси” китобининг тақдимоти ўтказилди.  

 

Н.Абдураимова, ЎзА  

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech