Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Тенг меҳнат учун тенг ҳақ – адолатли жамият мезони

18 сентябрь – Халқаро тенг иш ҳақи куни

 

Инсон ҳаётида меҳнатнинг ўрни беқиёс. Инсон ўз билими, қобилияти, вақти ва кучини меҳнатга сарфлайди, эвазига эса нафақат даромад, балки ўз меҳнатининг жамият томонидан тан олинишини ҳам кутади. Шу маънода иш ҳақи оддий иқтисодий кўрсаткич эмас. У инсон меҳнатининг қадри, унинг ижтимоий мавқеи ва эртанги кунига бўлган ишончини белгилайди.

Аммо меҳнатнинг қиймати ходимнинг жинсига қараб турлича баҳоланадиган бўлса, бу нафақат иқтисодий, балки ижтимоий адолат масаласига айланади. Аёл ва эркак бир хил ёки тенг қийматдаги меҳнатни бажара туриб, фақат жинси сабабли турлича ҳақ олиши адолат тамойилига зиддир.

Ана шу муаммога жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида

18 сентябрь Халқаро тенг иш ҳақи куни сифатида белгиланган. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2019 йилда таъсис этилган ва биринчи марта 2020 йилда нишонланган. Куннинг моҳияти битта оддий, аммо жуда муҳим тамойилга бориб тақалади: тенг қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ.

Бу ғоя халқаро меҳнат ҳуқуқида анча олдин шаклланган. Халқаро меҳнат ташкилоти 1951 йилда 100-сонли “Тенг ҳақ тўлаш тўғрисида”ги Конвенцияни қабул қилиб, эркаклар ва аёлларга тенг қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш принципини халқаро меҳнат стандартларидан бири сифатида белгилаган. Бугун ушбу принцип инсоннинг муносиб меҳнат қилиш ҳуқуқи ва камситилмасликнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Бироқ қонунларда тенглик принципининг мавжудлиги унинг меҳнат бозорида тўлиқ қарор топганини англатмайди.

Дунё статистикаси буни яққол кўрсатмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, 2025 йилда дунёда ишлаётган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 20 фоиз кам иш ҳақи олади.

Айрим мамлакатларда бу муаммо айниқса яққол кўринади. Масалан, Жанубий Кореяда 2025 йилда аёллар ва эркаклар ўртасидаги медиан иш ҳақи тафовути 29 фоиз атрофида бўлган. Японияда эса бу кўрсаткич 20 фоиздан юқори даражада қолмоқда. Бу давлатлар дунёдаги энг ривожланган саноат ва технология иқтисодиётларига эга бўлишига қарамай, меҳнат бозорида гендер тафовути муаммоси ҳали тўлиқ ҳал этилмаганини кўрсатади.

Бошқа мамлакатларда эса тафовут нисбатан паст. Масалан, Норвегия, Италия, Испания, Белгия каби давлатларда гендер иш ҳақи тафовути анча кичик даражаларда, яъни 4,2-6 фоиз атрофида. Демак, иқтисодий ривожланганликнинг ўзи тенг иш ҳақини автоматик равишда таъминламайди. Бунинг учун махсус сиёсат, шаффофлик ва меҳнат бозоридаги тизимли тўсиқларни бартараф этишга қаратилган чоралар зарур.

Муаммонинг энг оғриқли томонларидан бири шундаки, иш ҳақидаги тафовут кўпинча инсон меҳнатининг ўзида эмас, балки ким қандай касбни танлаши, қандай иш вақтида ишлаши, қайси лавозимга кўтарилиши ва оилавий масъулиятларни ким кўпроқ ўз зиммасига олишида намоён бўлади.

Масалан, аёллар таълим, тиббиёт, ижтимоий хизмат, парвариш каби соҳаларда кўпроқ ишлайди. Бу соҳалар жамият ҳаёти учун ниҳоятда муҳим бўлса-да, улардаги меҳнат айрим мамлакатларда саноат, молия, технология ёки бошқарув соҳаларига нисбатан пастроқ баҳоланади.

Шу ерда яна бир муҳим савол пайдо бўлади: нега аёллар юқори даромадли лавозимларга эркаклар билан бир хил даражада чиқолмаяпти?

Бунга жавоблардан бири оилавий мажбуриятларнинг нотенг тақсимланишидир.

Фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ишлари, бемор ёки кекса оила аъзосини парвариш қилиш каби ҳақ тўланмайдиган меҳнат турлари кўп ҳолларда аёллар зиммасига кўпроқ тушади. Натижада аёл меҳнат бозорида вақтинча узилишга учрайди, тўлиқ иш вақтида ишлай олмаслиги мумкин ёки лавозимда ўсиш учун зарур бўлган малака ошириш ва касбий ривожланиш имкониятларидан камроқ фойдаланади.

Шу билан бирга, дунё мамлакатларида аёлларнинг меҳнат бозоридаги имкониятларини чеклайдиган омилларни бартараф этиш билан бир қаторда, иш ҳақидаги мавжуд тафовутларни аниқлаш ва уларни камайтиришга қаратилган аниқ механизмлар ҳам жорий этилмоқда. Масалан, Буюк Британияда 250 ва ундан ортиқ ходими бўлган иш берувчилар ҳар йили аёллар ва эркаклар ўртасидаги иш ҳақи тафовути ҳақида маълумот бериши ва уни очиқ эълон қилиши шарт. 2026 йилда ҳам ушбу талаб амалда. Иш берувчи нафақат маълумотни давлат тизимига киритади, балки уни ўз веб-сайтида ҳам эълон қилиши керак.

Бундай механизмнинг аҳамияти катта. Чунки иш ҳақи тафовути рақамга айланиб, очиқ кўринишга келганида, иш берувчи муаммонинг мавжудлигини инкор эта олмайди. Ходимлар, жамоатчилик ва инвесторлар ҳам компаниядаги меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлади.

Исландия тажрибаси эса янада қизиқ. 2026 йил 1 сентябрдан кучга кирадиган янги тартибга кўра, 50 ва ундан ортиқ ходимга эга ташкилотлар ҳар уч йилда иш ҳақи тизими тенг ва гендердан холи мезонларга асосланганини кўрсатувчи маълумотларни тақдим этиши керак. Ҳужжатларда лавозимларни объектив мезонлар асосида таснифлаш, аёллар ва эркаклар иш ҳақини алоҳида таҳлил қилиш ҳамда изоҳланмаган тафовут аниқланса, уни бартараф этиш режаси бўлиши талаб этилади.

Ўзбекистонда ҳам гендер иш ҳақи тафовути дунёда кузатилаётган умумий тенденциялардан алоҳида ҳолат эмас. Аксинча, мамлакатдаги вазият жаҳон меҳнат бозорида мавжуд бўлган муаммолар билан муштарак жиҳатларга эга. Халқаро меҳнат ташкилотининг 2025 йилда эълон қилинган Ўзбекистон бўйича таҳлилига кўра, иш ҳақи олиб ишлайдиган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 25–35 фоиз кам даромад олади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда бу муаммони ҳал қилиш учун муҳим ҳуқуқий асослар яратилган.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 244-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида камситишга йўл қўйилмаслиги ҳамда эркаклар ва аёлларга тенг қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ тўланиши кафолатланган.

Ўзбекистон шунингдек Халқаро меҳнат ташкилотининг 100-сонли “Тенг ҳақ тўлаш тўғрисида”ги Конвенциясини ратификация қилган. Бу эса мамлакатнинг тенг қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш борасидаги халқаро мажбуриятларини мустаҳкамлайди. ХМТ Ўзбекистон бўйича таҳлилида ҳам иш ҳақи шаффофлигини кучайтириш, лавозимларни объектив баҳолаш механизмларидан фойдаланиш, касбий таълим ва малака ошириш имкониятларини кенгайтириш, бола парвариши билан боғлиқ тўсиқларни камайтириш каби чораларни тавсия қилган.

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг қабул қилингани ҳам бу масала давлат сиёсати даражасида эканини кўрсатади. Стратегиянинг мазмуни фақат аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан чекланмай, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, муносиб меҳнатга киришини таъминлаш, тадбиркорлик ва касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, раҳбарлик лавозимларида иштирокини ошириш каби йўналишларни қамраб олади.

Хулоса қилиб айтганда, тенг меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш фақат иш ҳақи миқдорига оид масала эмас. Бу инсон қадри, меҳнат ҳуқуқлари, тенг имкониятлар ва ижтимоий адолат билан бевосита боғлиқ. Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, гендер иш ҳақи тафовутини камайтириш учун қонунчиликда тенглик принципини белгилашнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун иш ҳақи шаффофлиги, меҳнатни объектив баҳолаш, касбий ўсиш учун тенг имкониятлар ва оилавий мажбуриятларни уйғунлаштиришга хизмат қиладиган самарали механизмлар ҳам зарур.

Зеро, тенг меҳнат учун тенг ҳақ нафақат хотин-қизлар ҳуқуқининг, балки адолатли меҳнат бозори ва фаровон жамиятнинг муҳим мезонидир.

 

Азизбек Бегимов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Ҳисоб-китоб бўлими бош мутахассиси

Nashr sanasi 18.09.2026 Ko'rishlar 177
Ulashish