“Барқарор тараққиёт йўлида ҳалқаро ҳамкорлик: БМТ ва Ўзбекистон” илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди

Мамлакатимиз БМТга аъзо бўлганининг 30 йиллиги муносабати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида «Барқарор тараққиёт йўлида ҳалқаро ҳамкорлик: БМТ ва Ўзбекистон» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилди.

Конференцияда Бош прокуратура Академияси, Судьялар олий мактаби, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Андижон давлат университети, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Наманган давлат университети, Самарқанд давлат университети, Термиз давлат университети ходимлари ва илмий тадқиқотчилари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев ва Бош прокуратура Академияси бошлиғи ўринбосари Музаффаржон Мамасиддиқов конференцияни кириш сўзлари билан очди.

Анжуман иштирокчилари ҳозирги куннинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилди. Маърузалар ўзбек, қорақалпоқ, инглиз ва рус тилларида янгради.

Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кундан эътиборан икки томонлама манфаатли ҳамкорлик асосида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар самаралари тўғрисида атрофлича фикрлар билдирилди. Конференция якунида мавзуга оид таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.

Республика илмий-амалий конференцияси материалларини тўплам шаклида чоп этиш белгиланди.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech