Самарқандда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони топширилди

“Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми доирасида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу мукофот инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш ишига салмоқли ҳисса қўшган фуқаролар, ташкилотларни моддий, маънавий рағбатлантириш, амалга оширилган ишлар намунасини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2020 йил таъсис этилган.

Ҳар йили 10 декабрь – “Халқаро инсон ҳуқуқлари куни” арафасида кўкрак нишони ва махсус гувоҳнома тантанали тарзда топширилади. Жорий йил ушбу мукофотга 6 нафар ҳамюртимиз, 2 нафар чет эл фуқароси ва 2 нодавлат нотижорат ташкилоти сазовор бўлди:

– “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг биринчи ўринбосари Марат Хаджимухамедов – инсон ҳуқуқи ва эркинлиги ҳимояси соҳасидаги замонавий тадқиқот амалиётини шакллантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун;

– Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жамшиджон Чориев – ёшлар ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги самарали фаолияти учун;

– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг юридик бўлими мудири Ҳамидулла Премкулов – аҳолининг меҳнат ҳуқуқи ва ижтимоий-иқтисодий манфаатини ҳимоя қилишдаги фаоллиги учун;

– Ўзбекистон Ногиронлар жамияти – ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишдаги фаоллиги учун;

– “Барқарор ҳаёт” ижтимоий-маърифат маркази директори Олия Ильмурадова – аёллар ва болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги кўп йиллик самарали фаолияти учун;

– “UMNICHKA” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Шаҳноза Икрамова – болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги фаоллиги учун;

– Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси – журналистлар ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматини, қонуний ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун;

– Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқи кафедраси профессори Говхержан Юлдашева – инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўқув ва илмий фаолияти учун;

– Таллин университети Бошқарув, ҳуқуқ ва жамият академияси фахрий профессори Рейн Мюллерсон – инсон ҳуқуқи соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, илмий ва ўқув ишлари учун;

– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ришард Коменда – инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги учун.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонини ўз соҳибларига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов топширди.

Б.Худойбердиев,
Д.Якубов (сурат),

ЎзА

 «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

XS.UZ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech