Самарқандда «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» Глобал форуми иш бошлади

ТОШКЕНТ, 5 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун Самарқанд шаҳрида  «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим»  Глобал форум иш бошлади, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

Учинчи марта ташкил этилаётган Самарқанд форуми  Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46‑сессиясида илгари сурилган ташаббуси асосида ўтказилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Милий маркази ахборот хизмати маълумотига кўра, анжуманнинг очилиш маросимида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк видеомурожаати, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Мунир Мамедзаде табриги, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси, элчи Федерико Вильегас видеомурожаати,  ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи табриги, Европа Кенгаши Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бошқармаси бош директори Христос Гиякумопулос видеомурожаати тингланди. МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев нутқини МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари – Ижрочи котиби Бекетжан Жумаханов ўқиб эшиттирди.

Глобал форумда халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотларнинг 100 нафардан ортиқ вакил офлайн ва онлайн тарзда иштирок этмоқда. Жумладан, 10 та халқаро ва 6 та минтақавий ташкилот, 30 давлатдан инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи хорижий экспертлар ҳамда профессор-мутахассислар қатнашмоқда.

Форум иштирокчилари сафида, шунингдек, 150 миллий ташкилотнинг 2 минг нафардан зиёд вакили бор. Улар асосан 20 та вазирлик ва идоралар, юртимизнинг барча ҳудудларидан 50 та олий таълим муассасаси ва илмий ташкилотлар, 60 дан ортиқ фуқаролик жамият институти, жумладан, ёшлар ташкилотларининг фаолларидан иборат.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech