8 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари якунлари муносабати билан брифинг ташкил этилди.
Тадбирни ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов бошқарди.
Брифингда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Ижрочи директори Маргуб Салим Бут, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раисининг ўринбосарлари доктор Рашид бин Ҳамид ал-Балуший ва Адама Нана Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган халқаро анжуман якунлари юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берди.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг икки кун давом этган Йиллик 6-семинарида 46 нафар хорижий иштирокчи қатнашди. Тадбирда, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар ва ИҲТга аъзо давлатларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари қатнашди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон парламенти, вазирликлар ва давлат ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда диний идора мутасаддилари ҳозир бўлдилар. Иштирокчиларнинг жами сони қарийб 150 нафарга етди.
Йиллик семинарнинг ялпи мажлисида 5 нафар халқаро ва миллий мутахассиснинг маърузалари тингланди. Мунозараларда ИҲТ Комиссиясининг 15 нафар аъзоси, ИҲТга аъзо давлатлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича институтларнинг 10 нафардан зиёд вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Халқаро анжуман иштирокчилари якунловчи ҳужжат – Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларациясини қабул қилдилар.
Бундан ташқари халқаро семинар доирасида 6 та давлат – ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Бирлашган Араб Амирликлари, Габон, Озарбайжон, Покистон, Уганда ва Қувайтдан сайланган янги аъзоларининг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Сулейман Арслан ушбу икки ташкилот ўртасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида Меморандум имзоладилар.
Халқаро анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.10.2019
- Кўришлар: 5798
- Чоп этиш