"Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари"

2020 йил 12 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини бошлади. Унинг очилиши БМТ томонидан Халқаро ёшлар куни деб эълон қилинган муҳим санага тўғри келганида ўзига хос рамзий маъно бор.

"Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги ушбу халқаро анжуман айнан ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган. Шу билан бирга, коронавирус пандемияси туфайли Самарқанд форуми илк бор ёшларга мос замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, он-лайн тарзда ўтказилмоқда.

Тадбир ташкилотчилари: Ўзбекистон Ҳукумати номидан – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Фридрих Эберт фонди ҳисобланади.

Самарқанд форуми ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, жаҳон ёшлар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда.

Самарқанд форумида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, шунингдек мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 30 дан зиёд ёшлар ташкилоти  вакиллари ва ўқувчи-талабалар ҳам қатнашмоқда. Самарқанд веб-форуми иштирокчиларининг жами сони 1000 нафардан ортиқ кишини ташкил этмоқда.

Самарқанд форумининг расмий очилиш маросимига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармаси (ЮНОДС) минтақавий вакили, БМТ Доимий вакили вазифасини бажарувчи Ашита Миттал модераторлик қилди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида таъкидланганидек,"Шу йилнинг бошидан буён COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал ҳаёт кун тартибидаги марказий масала бўлиб келмоқда. Янги коронавируснинг тарқалиши бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келди. Аҳоли, биринчи галда ёшлар ана шу таҳдидларга жавобан давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилишини талаб этадиган кўплаб муаммоларга тўқнаш келди. Бундай шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир. Уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларга имконият яратиб бериш зарур".

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми иштирокчиларига мурожаатини БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармаси (ЮНОДС) минтақавий вакили, БМТ Доимий вакили вазифасини бажарувчи Ашита Миттал ўқиб эшиттирди.

Самарқанд форуми иштирокчиларини бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳамда юқори даражадаги вакиллари қутладилар. Хусусан:

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет;

ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле;

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг;

ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси президенти Георгий Церетели;

Осиё Парламент Ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидий;

МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев;

ШҲТ Бош котиби Владимир Норов;

ЕХҲТ Бош котиби вазифасини бажарувчи, Низоларнинг олдини олиш маркази директори Туула Юрьёля;

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директорининг биринчи ўринбосари Катаржина Гардапхадзе;

БМТТДнинг Европа ва МДҲ бўйича директори ўринбосари  Ажи Верес;

БМТ Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА) Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси директори Аланна Армитаж;

Қонун орқали демократия учун Европа комиссияси (Европа Кенгашининг Венеция комиссияси)  президенти Жанни Букиккио;

БМТ Бош котибининг Ёшлар бўйича вакили Жаятма Викраманаякенинг расмий видеотабриклари тақдим этилди.

Самарқанд форумининг биринчи ялпи мажлисида ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари элчи Шерзод Асадов модераторлик қилган ушбу сессияда дастлаб ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд ҳалқаро-ҳуқуқий воситалар ва механизмлар кўриб чиқилди.

Бугун дунёда ёшлар аҳолининг мисли кўрилмаган даражада кўпчилигини, яъни 2 миллиарддан зиёд қисмини ташкил қилмоқда. Бу аксарият мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам, аҳолининг ўсиб борадиган катта қисми ёшлардан иборат,  деганидир. Шу маънода, ёшларнинг барча ҳуқуқларини, хусусан, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминлаш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш лозим.

Аммо, ушбу соҳада мажбурий мазмунга эга муайян халқаро ҳужжат ҳалигача қабул қилинмаган. Бу эса ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий қонунчилик базасини шакллантиришни мураккаблаштирмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг ёшлар қисмига кимлар мансублигини аниқлаш бўйича халқаро мезонларни ишлаб чиқиш зарурияти мавжуд.

Халқаро анжуман иштирокчилари 2017 йил 19 сентябрда Ўзбекистон томони БМТнинг 72-сессиясида таклиф қилган халқаро ташаббуслар доирасида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасини муҳокама қилдилар. Мазкур Конвенция - том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган.

Энг асосийси, Конвенцияда "ёшлар сиёсати" тушунчаси моҳиятига ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқлари: давлат ва хусусий сектор, шунингдек нодавлат ташкилотларнинг ёшларга қаратилган фаол фаолиятига доир сиёсат сифатида кенг маъно сингдирилган.

Самарқанд форумининг иккинчи ялпи мажлисида ёшлар ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш мақсадлари диққат марказида бўлди. Ушбу сессияга БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска билан "YUKSALISH" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов модераторлик қилди.

Қизғин мунозаралар доирасида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ёшларнинг роли қандай бўлиши керак, деган саволга жавоблар изланди. Шунингдек, ёшлар ҳуқуқларини амалга оширишда учраётган асосий муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech