Давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан тасдиқланган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий жиҳатларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлаш учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш бўйича амалий чора-тадбирларни жадаллаштириш билан боғлиқ вазифалар белгиланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори Мирзатилло Тиллабоев мухбиримиз билан суҳбатда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди.
— Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларини қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда, — дейди Мирзатилло Тиллабоев. — Давлат дастурида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланган. Масалан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётган айрим муаммоларни бартараф этиш мақсадида прописка тизимини ислоҳ қилиш назарда тутилган.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларнинг тизимлилигини янада ошириш, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий кафолатларини янада кучайтириш, мавжуд механизмларни такомиллаштириш бугунги кун талабидир.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлат дастурида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси ишлаб чиқилишини жадаллаштириш кўзда тутилган.
Бугунги кунда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ўзгаришлар янги Ўзбекистон тараққиётининг таркибий қисми сифатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни алоҳида назарда тутади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ана шу босқич мақсадларини ифодалайдиган ҳужжат бўлиб, мамлакатнинг ушбу соҳадаги узоқ муддатли мақсад ва вазифаларини белгилайди. Давлат органларида инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва рағбатлантиришга қаратилган ягона сиёсатни ифодалайди.
Ҳар бир давлат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни такомиллаштириши учун миллий ҳаракатлар режаси (стратегияси)ни ишлаб чиқиш масаласи илк бор 1993 йили Вена шаҳрида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конференциясида кўтарилган. Бугунги кунга келиб жаҳоннинг 40 дан ортиқ давлати ўзининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар стратегиясини қабул қилган. Улар орасида ривожланган ва ривожланаётган, кўҳна ва янги демократик мамлакатлар бор. Жумладан, Австралия 1996 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режасини қабул қилган биринчи мамлакат бўлган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ушбу стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш устида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, элликдан ортиқ давлат органлари, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотлардан 300 дан ортиқ таклифлар олинди. Улардан 200 га яқини лойиҳани такомиллаштириш учун қабул қилинди.
Шунингдек, Миллий стратегия лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz сайтида жойлаштирилди. Бу бўйича мингдан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди. Ўттиздан ортиқ миллий, ўндан ортиқ хорижий сайтлар Миллий стратегия лойиҳаси юзасидан ижобий муносабат билдирди.
Стратегия лойиҳаси инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг барча жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган бешта йўналишга бирлаштирилган тўқсондан ортиқ тадбирларни ўз ичига олади. Жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш ҳамда мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, самарали халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича қатор янги қонунларни қабул қилиш, комплекс чораларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Стратегия бандларини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун парламент, ҳуқумат ва жамоатчилик назорати ўрнатилиши кўзда тутилмоқда.
Стратегия доирасида қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар мақсад қилинган. Жумладан, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик, Меҳнат, Уй-жой кодексларининг янги таҳририни ишлаб чиқилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатларни, жумладан, БМТнинг “Барча меҳнаткаш-мигрантлар ва улар оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Эркак ва аёл ходимларга: оилавий мажбуриятларга эга ишчиларга тенг муносабат ва тенг имкониятлар тўғрисида”ги, “1952 йилги Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияни қайта кўриб чиқиш ҳақида”ги, “Меҳнаткашларга ишлаб чиқариш давомида бахтсиз ҳолатлар учун зарарни қоплаш тўғрисида”ги, “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш асослари тўғрисида”ги, “Меҳнаткаш-мигрантлар тўғрисида”ги, “Ҳақ тўланадиган таътиллар (1970 йилда қайта кўриб чиқилган) тўғрисида”ги конвенцияларини ратификация қилиш масаласи кўриб чиқилади.
Шунингдек, ўндан ортиқ қонунларнинг янги таҳририни қабул қилиш, жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш туғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Миллий стратегия лойиҳасида ўн бешга яқин қонуности ҳужжатлари қабул қилиш, қирққа яқин чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш вазифаси қўйилган.
Миллий стратегия лойиҳасидан “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун” йиллик миллий мукофотни таъсис этиш, бу йил Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш каби масалалар ҳам ўрин олган.
Мазкур ҳужжат лойиҳасида инсон ҳуқуқлари таълими масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, олий таълим муассасалари ҳамда кадрларни, шу жумладан судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув марказларида, шунингдек умумтаълим муассасалари, академик лицей ва коллежларда инсон ҳуқуқлари ўқув курсини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатлардаги миллий институтлар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш бўйича 17 та тадбир назарда тутилган.
Лойиҳа юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси вакиллари иштирокида илк миллий маслаҳатлашувлар ўтказилди. Албатта, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия лойиҳасини янада такомиллаштириш жараёнини амалга ошириш талаб қилинади, фуқароларимиз билдирган таклиф-тавсиялар тегишли соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида чуқур таҳлил қилинади.
Хайриддинмурод АБУЛФАЙЗОВ ёзиб олди.
“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН”.
2020 йил, 6 март, 30-сон
- Қўшилди: 09.03.2020
- Кўришлар: 4319
- Чоп этиш