Бу йил 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни ана шундай шиор остида нишонланмоқда. ЮНЕСКО томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ташкил этиладиган глобал кампания ҳам худди шу ном остида бўлиб ўтади.
Эртага бутун дунёда журналистика эркинлигига бағишланган тадбирлар, жумладан, онлайн-мулоқот ва семинарлар ўтказилади. Кейинги кунларда ҳам Facebook Live, YouTube, Microsoft Teams каби йирик ахборот платформаларида юқори даражадаги мулоқотлар, вебинар ва баҳс-мунозаралар ташкил этилиши мўлжалланган.
Ушбу муҳим халқаро сана арафасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Махсус маърузачиси Дэвид Кайе дунёнинг барча давлатларини ўз касбий вазифасини бажариши асносида ҳибсга олинган журналистларни озодликка чиқаришга чақирди. У, шунингдек, мустақил матбуот вакилларига, жумладан, коронавирус ҳақидаги ёлғон ахборотларни фош этиш билан шуғулланаётган ходимларга қарши тазйиқ ўтказишни тўхтатишга даъват этди.
«Эркин матбуот борлиги туфайли одамлар ҳар қандай мазмундаги ахборотдан хабардор бўлиш имкониятига эга ва бу жамиятнинг соғлиғини сақлаш соҳасидаги ҳозирги инқироз даврида айниқса муҳимдир. Кейинги ойларда мустақил матбуот оммабоп ахборотнинг асосий манбаига айланди; айни шу матбуот вакиллари маъмурларнинг ёлғонларини фош этмоқда, ҳар бир инсон бутун башарият бошидан кечираётган инқирознинг моҳияти ва кўламларини тушуниб етишига кўмаклашмоқда», - дея баёнот берди БМТнинг Эркин фикр билдириш ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласи бўйича махсус маърузачиси Дэвид Кайе.
Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан шу йил 1 май куни "БМТ янгиликлари" (news.un) сайтида эълон қилинган мазкур баёнотида БМТ эксперти давлатлар оммавий ахборот воситалари вакилларини таъқиб этиш эмас, балки уларнинг фаолияти учун қулай шароитлар яратилишини таъминлаш мажбуриятини зиммасига олганини эслатди. Пандемия даврида журналистларнинг тергов ҳибсхоналарида ушлаб турилиши ва маҳкумлар зич жойлашган қамоқхоналарда сақланиши уларга коронавирус юқиши хавфи кескин ортишига олиб келади.
«COVID-19 авжга чиқа бошлаган даврдан буён менга журналистларнинг гўёки дезинформация тарқатганлиги учун таъқиб остига олинаётгани ҳақидаги ташвишли хабарлар келиб турибди», - деди БМТ Махсус маърузачиси. У жамоатчиликдан яширилган далилларни ошкор қилиш ёки ғирт ёлғон ахборотни фош этишга интиладиган мустақил матбуот вакилларини таъқиб остига олиш ва жазолашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни қоралади.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси таҳлилларига қараганда, бугунги кунда ОАВнинг 250 нафар вакили ўз касбий вазифаларини бажарганлиги учун қамоқхоналарда оғир шароитларда ушлаб турилибди. Ўз навбатида, «Чегарасиз мухбирлар» ташкилоти ҳам пандемия даврида матбуот эркинлигининг бузилиши билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар ҳақида БМТга маълум қилган.
БМТ эксперти журналистикани криминаллаштиришга зудлик билан чек қўйиш ва тез фурсатларда ушбу соҳа вакилларининг барчасини озодликка чиқаришга чақирди. У ҳар қандай ахборот воситаларининг ходимлари ўз хавфсизлигидан хавотир олмай ишлаш имконига эга бўлиши зарурлигига эътиборни қаратди.
Ғулом Мирзо тайёрлади
- Қўшилди: 02.05.2020
- Кўришлар: 4134
- Чоп этиш