Олий Мажлис Сенатининг видеоконференцалоқа шаклида ўтказилаётган тўртинчи ялпи мажлисида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2018-2019 йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолатига доир ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Ушбу халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши бўйича миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилган.
Кейинги даврда, айниқса, Ўзбекистон парламенти томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенцияси, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг 3 та шартномаси ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлар тасдиқланди.
Мамлакатда мазкур халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ташаббуслари БМТ даражасида қўллаб-қувватланаётганлиги таъкидланди. жумладан, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилиниши Президентимиз томонидан ушбу халқаро ташкилотнинг 73-сессиясида илгари сурилган ташаббус ҳаётга татбиқ этилганининг амалий ифодасидир.
2018 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Осиё минтақасида биринчи маротаба Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси ҳужжати сифатида тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси, шунингдек, 2019 йилда эса Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди.
БМТ Бош котиби, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар, БМТнинг Диний эътиқод бўйича махсус маърузачиси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачисининг мамлакатимизга амалга оширган ташрифлари катта аҳамиятга эга бўлди. Бу муҳим ташрифлар Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи юксалишига катта туртки бергани алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, мажлисда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларига изчил амал қилинишига аҳамият берилди. Хусусан, бугунги кунда бу борада миллий ҳаракатлар режаларини («Йўл хариталари»ни) бевосита Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий этилган.
2019 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 40 йиллигини нишонлашга бағишланган кенг кўламдаги тадбирлар ўтказилган.
Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон 2021-2023 йилларга бўлган даврда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик учун номзодини илгари сурганини ҳисобга олган ҳолда, бу борада ижобий самарага эришиш учун тегишли барча сиёсий-дипломатик чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахбороти тўғрисида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: senat.uz
- Қўшилди: 11.05.2020
- Кўришлар: 4174
- Чоп этиш